Вилоят ҳокими соврини – “Спарк” соҳиблари аниқланди

Самарқанд шаҳрида спортнинг миллий кураш тури бўйича вилоят ҳокими соврини учун ўтказилган халқаро мусобақа якунланди.

Мусобақада Индонезия, Тожикистон ва Қозоғистон ҳамда юртимизнинг 60 дан ортиқ сара полвонлари уч вазн тоифасида куч синашди.

73 килограмм вазнли полвонлар ўртасида кечган муросасиз баҳсларда андижонлик Раҳматилла Нуриддинбековга тенг келадиган рақиб топилмади. 90 килограмм вазнда самарқандлик Муҳаммадали Шамсиддинов биринчи ўринни қўлга киритди. 90 килограммдан оғир вазнли полвонлар беллашувида мутлақ ғолиблик хоразмлик Болтабой Болтаевга насиб этди.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ушбу полвонларга мусобақанинг бош соврини – “Спарк” автомобилларининг калитини топширди.

Шунингдек, мусобақанинг 2-3 ўрин соҳиблари, фаол курашган спортчилар Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон кураш федерациясининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).