Вилоят ҳокимига янги ўринбосарлар тасдиқланди

Энди улардан бирининг  депутатлик ваколати тугатиладими?

Бугун бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 37-сессиясида бир қатор масалалар муҳокама этилиб, ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, Ҳайдаров Жамшид Темурович вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари - “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбари лавозимига тасдиқланди.

Мазкур лавозим Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июнда қабул қилинган қарорига кўра жорий этилганди. Қарор билан, шунингдек, вилоят ҳокимлиги бошқарув аппарати тузилмасида ушбу масала бўйича котибият мудири лавозимлари ташкил қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Ж.Ҳайдаров 55-Мирзақишлоқ сайлов округидан вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган. Сайлов кодексининг 90-моддасига кўра, ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахслари (бундан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари мустасно) депутат этиб сайланган тақдирда, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисида ариза бериш шарти билан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинади.

Ж.Ҳайдаров эгаллаган лавозими жорий этилиши муносабати билан вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозими вилоят ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозими этиб номланди.

Сессия ишида Шукуров Акмал Ғайратович ушбу лавозимга тасдиқланди.

Сессияда, шунингдек, вилоят сайлов комиссияси раиси С.Нуриев бўшаб қолган депутатлик ўрнига ўтказилган сайлов натижалари тўғрисида ахборот берди.

Қайд этиш лозим, Ўзбекистон Қахрамони, вилоят “Нуроний” жамғармаси раиси Ҳ.Нормуродов вафот этгач 28-Каттақўрғон сайлов округи депутатлиги бўшаб қолганди.

Қайд этилганидек, 11 июль, якшанба куни Каттақўрғон туманидаги 20 та сайлов участкасида овоз бериш жараёнлари ташкил қилинган. Унда рўйхатга олинган 32 минг 997 нафар сайловчидан 26 минг 14 нафари қатнашган. Якуний ҳисоб-китобларга кўра, 78,8 фоиз овоз олган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан кўрсатилган номзод - Нурмуродов Илҳом Эргашевич вилоят Кенгаши депутати этиб сайланган.

Бугунги кунда Каттақўрғон тумани ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаётган Илҳом Нурмуродов 1996-2003 йилларда Самарқанд вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи бўлган.