Вилоят ҳокимининг энг фаол ўринбосари ким? Сўровнома якунланди
Хабарингиз бор, 10 декабрда Zarnews.uz да “Самарқанд вилояти ҳокимининг қайси ўринбосарини бугунги кунда энг фаол деб ҳисоблайсиз?” саволи билан сўровнома эълон қилинди.
Сўровномага вилоят ҳокимининг 8 нафар ўринбосари лавозими ҳамда исм-шарифлари келтирилди.
Эътиборлиси, ўтган уч кун давомида фаол ҳоким ўринбосарини аниқлашда 75 мингга яқин вилоятдошимиз иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, вилоят ҳокимининг айрим ўринбосарлари 20 дан ортиқ бошқарма ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб, улар билан тўғридан тўғри ишласа, айрим ўринбосарлар фаолият функциясидан келиб чиқиб, фақат бир нечта йўналишдаги ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. Айтиш лозимки, овозларни аниқлашда мазкур омилларнинг ҳам таъсири қисман сезилди. Эътиборлиси, республика ва бошқа вилоятлар идоралари вакиллари ҳам овоз бериш жараёнларига қўшилганига гувоҳ бўлдик.
Хулоса шуки, ҳатто энг кам овоз олган номзодни ҳам вилоят бўйича минглаб аҳоли энг фаол деб ҳисоблаши маълум бўлди. Бу эса бошқарув органлари вакилларига нисбатан кейинги йилларда аҳолининг муносабати анча ўзгарди демакдир.
Сўровнома натижалари қуйидагича:
Вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқов — 27 фоиз (19 853 та овоз).
Вилоят ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Акмал Шукуров — 6 фоиз (4 642 та овоз).
Вилоят ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Ойбек Ходжаев — 4 фоиз (2 738 та овоз).
Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Феруз Абилов — 5 фоиз (4 104 та овоз).
Вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос, оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ботир Нуруллаев — 12 фоиз (9 184 та овоз).
Вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Хуршид Очилов — 33 фоиз (24 472 та овоз).
Вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Дилшод Мамадқулов — 2 фоиз (1 596 та овоз).
Вилоят ҳокимининг ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Асқар Умаров — 11 фоиз (8 308 та овоз).