Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси: “Олимпиаданинг шаффоф ўтиши учун барча имкониятларни ишга соляпмиз”
Самарқанд вилоятида асосий фан олимпиадалари ҳар йили 14 та фандан ўтказилиб келинмоқда. Ўтган йили вилоятимиз мактаб ўқувчилари фан олимпиадасининг республика босқичида совринли ўринларни эгаллай олмаган эди. Бу йил вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси асосий фан олимпиадасининг вилоят босқичини шаффоф ва адолатли ўтказишга бел боғлаган. Вилоят Матбуот уйида журналистлар учун ташкил этилган матбуот анжумани айнан шу мавзу доирасида бўлди.
- Фан олимпиадасининг вилоят босқичида жами 3089 нафар ўқувчи қатнашиши кутилмоқда. - деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бўлим бошлиғи Хуршид Холиқулов. – Улардан ғолиб бўлган, яъни биринчи ва иккинчи ўринни қўлга киритган 11-синф ўқувчиларидан 48 нафари фан олимпиадасининг республика босқичида иштирок этади. Биз фан олимпиадасининг фақат ташкилий ишларини бажарамиз. Саволлар вазирликдан ўша куни электрон тарзда етказилади. Ҳатто саволларни тарқатишда ҳам биз иштирок этмаймиз. Олимпиаданинг шаффоф ўтиши учун барча имкониятларни ишга соляпмиз. Натижа республика босқичи ўтгач билинади.
Дарҳақиқат, бу йилги фан олимпиадаси аввалгилардан бироз фарқ қилади. Ўқувчилар имтиҳон жараёнига фақат бейжикда киритилади. Уларга махсус шифрланган дафтарлар тарқатилади. Дафтарда ўқувчининг исм-фамилияси ёзилмайди. Ҳакамлар ҳайъати натижаларни баҳолашда кимнинг дафтарини текшираётганини билмайди.
Бундан ташқари, ота-оналар ҳам имтиҳон жараёнини ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб бориш имконига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз: Жорий йилнинг ноябрь ойи бошида биринчи гуруҳ фанларидан, яъни математика, физика, информатика ва ахборот технологиялари, кимё ва биологиядан асосий фан олимпиадасининг вилоят босқичи бўлиб ўтган эди. Энди иккинчи гуруҳ фанларидан, яъни тарих, география, она тили ва адабиёт, ўзбек тили, рус тили ва адабиёти, тожик тили, инглиз тили, немис тили, француз тилидан фан олимпиадасининг вилоят босқичи 28-30 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.