Вилоят раҳбари устозлар хонадонида бўлди

Вилоят раҳбари устозлар хонадонида бўлди

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев 1-октябр — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бир гуруҳ фахрий мураббийлар хонадонига бориб, уларни касб байрами билан табриклади.

Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов хонадонида меҳмон бўлган вилоят раҳбари устознинг илм-маърифат соҳасидаги ва Самарқанд вилояти ҳаётидаги хизматларини эътироф этди.

Р. Холмуродов "Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Адиз Бобоев Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети профессори, академик Диамат Абдукаримовни ҳам байрам билан табриклаб, вилоят ҳокимлигининг совғаларини  топширди.

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, академик марҳум Ботирхон Валихўжаев хонадонига борган вилоят раҳбари Адиз Бобоев ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова олимнинг турмуш ўртоғи Хадича Вафоевани байрам билан табриклашди. Суҳбат давомида илм-маърифат ва ёш авлод таълим-тарбиясига умрини бағишлаган фахрий устозлар хизматлари алоҳида тилга олинди.

– Бугунги эътибордан жуда хурсандман. Давлатимиз ва халқимиз ғамхўрлигидан, меҳнатларимиз қадрланиб, биз каби фахрийлар эъзозланаётганидан миннатдормиз, – деди Хадича Вафоева.

Устоз ва мураббийлар меҳнатлари эътироф этилиб, юксак  эҳтиром кўрсатилаётганидан мамнун бўлганликларини билдиришди.