Вилоятдаги корхоналарнинг солиқ қарзи 425,8 миллиард сўмга етгани айтилди

Вилоятда фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг 2021 йил 1 ноябрь ҳолатига бюджет олдидаги солиқ қарзи 425,8 млрд. сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 137,8 млрд. сўмга ўсган.

Қарздорлик Каттақўрғон туманида 23,9 млрд, Тойлоқ туманида 2,8 млрд, Нуробод туманида 514,8 млн, Пахтачи туманида 155,6 млн. сўмга ошган. Бу ҳақда Халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида маълум қилинди.

Мажбурий ижро бюроси ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда 97,3 млрд. сўм солиқ қарзи ундирилган. Белгиланган муддат ичида қарздор томонидан тўлаб берилмаган 185,8 млрд. сўмлик солиқ қарздорликлари бўйича қарздорларга тегишли бўлган мол-мулклар хатланган.

Шунингдек, 694 та ҳолатда қўшилган қиймат солиғи тўловчиларнинг мазкур солиқ тури бўйича 436,6 млрд. сўмлик ижобий фарқ суммалари уларнинг банк ҳисоб рақамларига қайтарилган.

Бундан ташқари, 4 134 та ҳолатда 45,4 млрд. сўмлик ортиқча тўловлар солиқ тўловчилар банк ҳисоб рақамига қайтарилган.