Вирус ва бактерияли инфекцияларнинг олдини олишда кучли тўртлик
Сут ва сут маҳсулотлари
Сут ва сут маҳсулотлари таркибида фойдали бактериялар мавжуд. Сут иммунитетни сақлаш учун муҳим озиқ моддалар, овқат ҳазм қилиш ферментлари, соғлом ёғлар ва оқсиллар манбаи. Табиий йогурт ва бошқа ферментлардан тайёрланган сут маҳсулотлари бутун ошқозон-ичак трактини озиқлантиради.
Тузламалар
Куз бошланиши билан кўплаб уй бекалари карам тузламалар тайёрлашни бошлайдилар. Тузланган карам бошқа кўплаб ферментланган маҳсулотлар каби мазали ва жуда фойдали.
Тузланган бодринг, помидор ва зайтун таркибидаги зарарсиз бактериялар ичак иммунитет тизимига жуда фойдали таъсир кўрсатади, патоген микроорганизмларга қарши ҳимояда жуда фаол. Шунингдек, антикорлар ишлаб чиқаришга ёрдам беради.
Албатта, тузламалар ҳаддан ортиқ шўр бўлмаслигини назоратга олинг.
Саримсоқ
Саримсоқ инсон саломатлиги, иммун тизими фаолияти учун жуда фойдали. Иммунитет тизимини мустаҳкамлаш учун ҳар куни саримсоқ истеъмол қилишни тавсия этамиз.
Дори воситаларига чидамли вирус ва бактериялар бу табиий дори воситасига келганда қарши тура олишмайди. Иммун тизимининг оптимал ишлашини таъминлаш учун янги саримсоқ истеъмол қилиш зарур. Янги эзилган саримсоқдан аллицин моддаси ажралиб чиқади ва бир соат ичида фойдалилик хусусиятини йўқотади. Шу сабабли ҳам шифобахш дея сотилаётган турли бозоргир озиқ-овқат қўшимчалари таркибидаги саримсоқнинг фойдаси ҳақида шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.
Зайтун мойи қўшиб тайёрланган яп-янги сабзавот ва кўкатли салатлар таркибидаги эзилган саримсоқ истеъмоли эса айни муддао. Саримсоқдаги аллицин антиканцероген хусусиятга эга. У қондаги умумий холестерин ва паст зичликдаги липопротеинлар ("ёмон" холестерин) даражасини пасайтиради. Қон босимини пасайтиради. Бугунги кунга келиб ўрта ёш вакилларига ҳам сезиларли хавф туғдираётган қонтомир касалликларининг олдини олишга хизмат қилади.
Жигар
Жигар, буйрак, юрак ва шу каби бошқа қўшимча гўшт маҳсулотларидан тайёрланган озиқ-овқатлар истеъмоли гарчи баъзиларни иккилантирса ҳам, иммунитет тизимини қўллаб-қувватлайдиган озуқа моддаларининг жуда юқори миқдори билан ажралиб туради.
Чала пиширилган жигар мазасига ҳушингиз бўлмаса, уни янгича рецепт ёрдамида пиширишни тавсия қиламиз.