Гипертония (юқори қон босими)га чалинган беморлар учун 9 та тавсия
Юқори қон босими, яъни гипертония бугун аҳоли ўртасида энг кўп тарқалган юрак-қон томир касалликларидан бири ҳисобланади. Уни вақтида даволамаслик юрак ишемик касаллиги, инфаркт, инсульт, юрак етишмовичилиги каби жиддий хасталикларга олиб келиши мумкин.
Гипертония профилактикаси учун қуйидаги тавсияларга амал қилинг:
1. Тўғри овқатланинг. Қизил гўшт, ҳайвон ёғлари, туз истеъмолини камайтиринг, кўпроқ мева ва сабзавотлар, балиқ, ёнғоқлар, ёғсиз сут маҳсулотларини танновул қилинг.
2. Қаҳва ичишни камайтиринг. Кофеин қон босимини бирданига ошириб юбориши мумкин. Шунинг учун унинг истеъмолини камайтирган маъқул.
3. Алкоголь ичимликларни истеъмол қилиш, тамаки чекиш каби зарарли одатлардан воз кечинг.
4. Мунтазам жисмоний машқларни бажариб туринг. Енгил спорт турлари, пиёда юриш, велосипед учиш, сузиш артериал қон босимини туширишга ёрдам беради.
5. Вазнингизни назорат қилинг. Ортиқча вазн гипертония ривожланиши хавфини оширади.
6. Стрессли вазиятлардан қочинг. Медитация ва йога билан шуғулланиш стресс ҳиссини камайтиришнинг самарали усулларидан ҳисобланади.
7. Уйқу режимига амал қилинг. Гипертонияга чалинган беморга кунига камида 8-9 соат ухлаш тавсия этилади.
8. Дориларни ўз вақтида қабул қилинг. Агар шифокор сизга қон босимини тушириш учун дорилар ёзиб берган бўлса, уларни ўз вақтида қабул қилишни унутманг.
9. Даврий шифокор кўригидан ўтиб туринг. Бу организмдаги салбий ўзгаришларни вақтида аниқлаш ва тезкор чораларни кўриш имконини беради.