Халқ таълимини "лайкбозлик"дан қутқаринг
Охирги 10 кун ичида ижтимоий тармоқларда халқ таълими тизимидаги "лайкбозлик"лар ҳақида кўплаб мурожаатлар бўляпти. Уларда ёзилишича, ҳаммаси бундан 1 ойча аввал Халқ таълими вазирлигига тегишли телеграм каналда "Халқ таълими вазирлигининг вилоят бошқармалари ишига баҳо беринг", деб ўтказилган сўровномадан бошланган.
Суриштириш натижасида шуни билдимки, ўша сўровнома на уни ташкиллаштирган Халқ таълими вазирлигидагиларга, на вилоят халқ таълими бошқармадагиларга ҳеч нарса бермайди. Фақат Халқ таълими вазирлиги ўзи учун қайси вилоят халқ таълими бошқармаси самарали ишлаётганини шу йўл билан аниқлашни хоҳлади, шекилли. Аммо бундай сўровлар жуда нисбий бўлиб, кимлардир ҳатто қониқарли ишламаётгани "лайкбозлик" ортидан пешқадам бўлиб қолиши мумкин.
Энг ачинарлиси, ана шу сўров ортидан тизимда маълум бир вақтда бўлса ҳам бутун бошли "лайкбозлик компанияси" юзага келди. Ўшандан бери "фалон вилоят ХТБ раҳбарига овоз беринг", деб ҳали телеграм ижтимоий тармоғидаги турли гуруҳларда, ҳали канал юритувчиларига, ҳатто шахсий ёзишмаларда тинимсиз илтимослар келяпти, кетяпти. Очиғи, бу ишдан ХТВ нимани кўзлаган, билмайман-у аммо бу йўл орқали лайк йиғиб, ўша вилоятда ХТБ раҳбарини қандай ишлаётганини аниқлашга уриниш - абсурд иш.
Аслида бугун билдирадиган фикрларимни ўша сўровномага кўзим тушган пайтда ёзишни режа қилган эдим. Аммо, "Ҳа, энди, ХТВ нимадир янгилик қилишга уриняпти-ку", деб ўйладим. Аммо ҳозир ўзимнинг телеграм ботимга бир мурожаат келиб тушди. Уни ўқиб, дарров ўз мулоҳазаларимни ёзишга тутиндим.
Унда ёзилишича, ХТВнинг ўша сўровномасидан кейин айрим жойларда вилоят халқ таълими бўлими томонидан «Туман ХТБ раҳбари фаолиятига баҳо беринг", деб сўровнома ўтказиш бошланибди. Унинг ортидан эса айрим туманларда туман ХТБ томонидан мактаблар рақами кўрсатилиб, "Тумандаги мактаблар фаолиятига баҳо беринг", деган сўровномалар бошланибди.
"Ишонасизми, энди таълим тизимида ишлайдиган ўқитувчи-педагогларнинг иши телеграм ижтимоий тармоғидаги ана шундай сўровномаларга тинимсиз лайк босиш билан ўтаяпти. Аввалига вилоят ХТБдан вилоятдаги барча мактаб ўқитувчиларига "Вилоят раҳбаримизга лайк босинг, танишларингизга ҳам тавсия қилинг, лайк босишсин", деб айтилди. Айрим жойларда буюрилди. Кейин навбат туман ХТБ ва унинг раҳбари фаолиятига баҳо бериб, лайк босишга келди. Энди эса туман ХТБ томонидан ўтказилаётган сўровномада мактабимизга ўзимиз овоз беришимиз, камига таниш-билиш, қўни-қўшниларга ҳам лайк бостиришимиз керак. Бу бўлаётган ишларни кўриб, куларимизни ҳам, куяримизни ҳам билмаймиз" дейилади мурожаатда.
Очиғи, бундай ишларни, сохта, зўрма-зўракилик ва таъбир жоиз бўлса, тиланчилик ортидан лайк йиғиб, Халқ таълими вазирлиги ва унинг жойлардаги бошқарма ва бўлимлари нимага эришади, билмайман. Агар тизимдаги раҳбарлар фаолиятига баҳо бериш керак бўлса жойларда мактаблар шароитлари ўргансин. Қолаверса, вазирлик ҳанузгача ҳокимликлар томонидан ўқитувчилар маошидан ҳали концерт билети, ҳали қандайдир фондга пул ушлаб қолиш каби ишлар қилиниб, таълим тизимига бўлаётган турли босимларга қарши курашсин.
Охирги пайтларда таълим тизими ва ўқитувчилар муаммоларига кўп марта дуч келаётган одам сифатида айтаман: жойларда ўқитувчиларни ҳам, халқ таълими тизимини ҳам Халқ таълими вазирлиги эмас, журналистлар ва блогерлар ҳимоя қилаяпти. ХТВ эса ўз ҳудудий бошқарма ва бўлимлари ва уларнинг раҳбарларини, мактаб директорлари ва ўқитувчиларини жойларда айрим бошқарув ташкилотлари томонидан бўлаётган турли босимлардан ҳимоя қилиш ўрнига тизим ходимларни «лайкбозлик касалига мубтало қилиш» билан овора.
Гапнинг дангали: бу ишнинг халқ таълими тизими фаолиятининг сифатини кўтаришга заррача нафи йўқ!
Ғайрат ЙЎЛДОШ.