Халқ вакиллари органи бўлган Кенгаш жамият ҳаётида қачон ўз ўрнига эга бўлади?

Иштихон тумани ҳокими – халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Шуҳрат Негматов билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди. Туманнинг биринчи раҳбари, шунингдек, энг яхши ўзгаришлар ва узоқ вақтдан бери ўзгармай келаётган соҳа ҳақида ҳам гапириб берди.

- Парламент тавсияси асосида вилоятимизда биринчи бўлиб халқ депутатлари Иштихон туман Кенгашида раис ўринбосари (жамоатчилик асосида) лавозими жорий қилинганди. Бироқ бу лавозим ўзини оқламаётгандек, назаримда.

- Лавозим ўзини оқламаётгандек, деган фикрингизга қўшилмайман.

Туман ҳокимлигида депутатлар хонаси ташкил қилинган. Аммо депутатлар ҳақидаги маълумотлар янгиланмаганди. Бу камчилик бартараф этилди. Шунингдек, хона жиҳозлар билан таъминланиб, халқ ноиблари фаолияти учун зарур шароит яратилди.

Парламент тавсияси асосида халқ депутатлари Иштихон туман Кенгашида жамоатчилик асосида раис ўринбосари лавозими жорий қилингач ва халқ ноиблари учун махсус хона ташкил этилгач депутатлар фаолияти жонланди, деб ўйлайман.

Бу нималарда кўринади? Аввало, депутатлар раис ўринбосари ташаббуси билан ва бевосита раҳбарлигида сайловчилар билан тизимли равишда учрашмоқда. Натижада депутатлар халқ ичига кириб, одамлар дардини ўрганиш билан бир қаторда ижро органи олиб бораётган ишларини баҳолаяпти. Шу аснода мавжуд камчилик ва муаммоларни ҳал этиш чоралари кўриляпти.

- Тумандаги депутатлар фаолияти самарадорлигини ошириш борасида халқ депутатлари Иштихон туман Кенгаши раиси ташаббуси билан қандайдир ишлар амалга ошириляптими?

- Албатта, туман Кенгаши депутатларининг фаоллиги бевосита Кенгаш раисига ҳам боғлиқ. Сессияларда танқид қилиш, кўтарилган масалаларга қўшимча равишда таклиф билдириш, муҳокама қилишга кенг имкон берилган. Шу сабабли жорий йилда бирорта сессия муҳокамасиз ўтгани йўқ. Ҳисобот берган раҳбарлар танқид қилинди, соҳада ўзгариш қилиш бўйича тегишли таклифлар билдирилди.

Шунингдек, тумандаги ташкилот раҳбарларининг депутатлик сўровларига муносабатларини ўзгартиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бунда депутатлик сўровларига белгиланган муддат давомида жавоб қайтарилмаса, мурожаатчи фуқаро ва ташкилот раҳбарининг юзма-юз суҳбати ташкиллаштириляпти. Мисол учун, кредит масаласида мурожаатларнинг кўплиги сабаб «Агробанк» АТБ Иштихон филиали раҳбари билан аҳолининг учрашувини ташкил қилдик.

Бундан ташқари, камбағаллик рўйхати нечоғлик аниқлиги ўзим бошчилигимда, депутатлар томонидан жойида ўрганилди. Натижада рўйхатда бир қатор ўзгаришлар бўлди.

- Халқ депутатлари туман Кенгашига вилоятда энг кўп раҳбарлик қилган кишилардан бирисиз. Айтингчи, маҳаллий Кенгашларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш учун яна нималар қилиш керак?

- Депутат фаол бўлса, уни халқ таниса, муаммолар кўтарилаверса, иккинчи тарафда ташкилот раҳбарларининг депутатлик сўровларига муносабатлари ижобий бўлса, депутатнинг нуфузи ҳам, халқ олдидаги ҳурмати ҳам ортади. Бу борада қилаётган ишларимизни юқорида айтиб ўтдим. Лекин ҳали қиладиган ишларимиз кўп.

Мисол учун, депутатларни муаммоларга ва ҳал этишнинг аниқ манзилларига йўналтириб боришимиз керак. Чунки вилоят ёки республика миқёсида ҳал этиладиган муаммолар бўйича туман ташкилотига сўровнома юбориш ва ундан масалани ҳал этишни талаб қилиш мантиқсизлик бўлади.

- Иштихон туманида сизнинг раҳбарлигингизда амалга оширилган ижобий ўзгаришлар ҳақида гап кетганда нималарни мисол қилиб келтира оласиз?

- Туманга раҳбар бўлиб келган вақтимда инвестиция кириб келиши ноль даражада эди. Шу боис, фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилар, саноат ишлаб чиқариши йўқ эди. Бугунги кунда биргина трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида салмоқли ишлар қилинди. Мисол учун айни пайтда “Зарафшон сифат текстил” ва “Мароқанд сифат текстил” ишлаб чиқариш корхоналарида бир ярим мингдан ортиқ одам меҳнат қилмоқда.

Шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи “Иштихон мега стар” МЧЖ, мармар плиталар тайёрлайдиган “Ферузбек гранит”, ун маҳсулотларига ихтисослашган “Сафарбой Тиркашев” корхоналари ишга туширилиши режалаштирилган.

Булар режалаштирилган лойиҳаларимиздан бир нечтаси холос. Айтиш мумкинки, бугун Иштихонда саноат жадал суръатларда ривожланиб, нафақат ишсизлик камайтирилмоқда, балки туманнинг экспорт имкониятлари ошмоқда.

- Туманда узоқ йиллардан буён деярли ҳеч нарса ўзгармаган қайси соҳани айта оласиз? Сизнингча, нима учун шундай бўляпти?

- Тўғриси, туманда туризм соҳаси деярли ўзгаришсиз қолмоқда. Бу бизнинг энг оғриқли нуқтамиз. Соҳани ривожлантириш масаласида табиий имкониятлардан келиб чиқиб, амалий ишлар қилинмоқда. Жумладан, экотуризмни ривожлантириш учун Гулобод маҳалласида «Эртаклар оролчаси» қурилди. Унга Самарқанд шаҳри ва туманлардан ҳам меҳмонлар келиб, ҳордиқ чиқармоқда.

Ички туризм ривожига ҳисса қўшаётган шундай лойиҳани Халқобод маҳалласида ҳам амалга ошириш режалаштирилган. Албатта, бу ишларимиз соҳада катта бурилиш ясаяпти, дея олмайман. Соҳани ривожлантириш учун ҳали кўп ишлар қилишимиз зарур.

Ёқубжон МАРҚАЕВ суҳбатлашди.