Халқаро ҳамкорлик нуфузни оширади

Ўзбекистоннинг кўплаб университетлари халқаро таълим дастурларида иштирок этиб, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширмоқда. Айниқса, Тошкент давлат иқтисодиёт университети бу борада етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда университет дунёнинг 100 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларига эга. Масалан, Австриянинг IMC Krems University of Applied Sciences билан ҳамкорликда халқаро бизнес бошқаруви бўйича қўшма магистратура дастури йўлга қўйилган бўлиб, талабалар икки диплом олиш ва халқаро стандартларга мос билим эгаллаш имкониятига эга. Шунингдек, London School of Economics (Буюк Британия) билан иқтисодиёт ва молия йўналишида академик алмашинув дастури амалга оширилаётган бўлса, Жанубий Кореянинг Yonsei университети билан иқтисодий таҳлил ва менежмент соҳаларида илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Хитойнинг Shanghai университети билан ҳамкорлик эса талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун академик мобиллик дастурларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Университет халқаро илмий лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Масалан, Европа Иттифоқининг Эрасмус+ дастури доирасида академик мобиллик ва илмий тадқиқот лойиҳаларида қатнашиб келмоқда. 2023 йилда Эрасмус+ грант дастури орқали университетнинг 50 дан ортиқ талаба ва профессор-ўқитувчилари Европа университетларида тажриба алмашиш имкониятига эга бўлди. 2022 йилда университет ҳузурида Халқаро иқтисодий тадқиқотлар маркази ташкил этилиб, хорижий иқтисодий институтлар билан ҳамкорликда минтақавий иқтисодий барқарорлик, инвестициялар ва тадбиркорлик соҳаларида тадқиқотлар олиб борилмоқда. Шунингдек, 2023 йилда университет Жаҳон банки ва БМТ Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда барқарор иқтисодий ривожланиш ва иқлим молияси бўйича қўшма тадқиқот ўтказди.
Халқаро таълим дастурлари кўплаб афзалликларга эга бўлса-да, талабалар ушбу жараёнда бир қатор муаммоларга дуч келишлари мумкин. Биринчидан, академик тайёргарлик даражаси ва таълим тизимлари ўртасидаги фарқ. Европа ва АҚШ университетларида таълим жараёнлари ўзига хос услубларга эга бўлиб, талабалардан мустақил ишлаш ва таҳлилий фикрлаш кўникмаларини талаб этади. Бунга мослашиш айрим талабалар учун қийин бўлиши мумкин.
Иккинчидан, виза олиш жараёнининг мураккаблиги. Масалан, Германия учун илгари виза 30 кун ичида берилган бўлса, ҳозирда бу жараён 90 кунгача чўзилади. Бу эса талабалар дарсларни белгиланган вақтда бошлашига тўсқинлик қилади.
Учинчидан, кўпгина давлатлар талабалар виза олиши учун банк ҳисобварағида муайян миқдорда маблағ бўлишини талаб қилади. Баъзи ҳолларда бу маблағ бир неча ой давомида музлатиб қўйилади. Бу эса хорижга ўқишга кетаётган талабалар учун жиддий молиявий қийинчиликларни келтириб чиқаради.
Тўртинчидан, тил тўсиғи ва халқаро сертификатларнинг талаб қилиниши. Масалан, Ўзбекистонда бериладиган миллий сертификат кўплаб хорижий давлатлар томонидан тан олинмайди. Шу боис, талабалар IELTS ёки TOEFL каби халқаро сертификатларни олиш учун қўшимча вақт ва маблағ сарфлашларига тўғри келади.
Бешинчидан, академик рейтинг (GPA) талаблари. Кўплаб халқаро стипендия дастурлари ва университетлар ўқишга қабул қилиш учун юқори GPA талаб қилади. Бу эса айрим талабалар учун қўшимча босим туғдиради.
Олтинчидан, маданий мослашув ва психологик муаммолар. Янги маданият, турмуш тарзи ва таълим услубларига мослашиш баъзи талабалар учун қийин кечади. Узоқ вақт давомида оиладан йироқда яшаш ҳам психологик стресс келтириб чиқариши мумкин.
Университетнинг халқаро ҳамкорлик доирасидаги лойиҳаларини янада кенгайтириш, глобал академик тармоққа чуқурроқ интеграция қилиш ва талабалар учун янги халқаро имкониятларни яратиш Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатади. Шу боис, Тошкент давлат иқтисодиёт университети халқаро таълим ҳамкорлиги орқали мамлакатнинг глобал иқтисодий майдондаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Дилдора НУТФИЕВА,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети катта ўқитувчиси.