Халқаро кузатувчилар: “Сайлов очиқ ва шаффоф ўтмоқда”
Джеймс Дюрсо, “Corsair LLC” компанияси ижрочи директори (АҚШ):
– Ўзбекистондаги сайлов қонунчилигининг такомиллаштирилгани, жараённинг очиқ ва шаффоф ўтказилаётгани эътироф этишга арзийди. Айниқса, бунда замонавий технологиялардан фойдаланилаётгани менга манзур бўлди. Сайлов участкаларини онлайн кузатиш имконияти яратилган. Сайловчиларнинг овоз беришда қатнашаётгани ҳам электрон тарзда кузатиб борилмоқда. Бундан ташқари, ҳар соатда Марказий сайлов комиссияси томонидан матбуот анжумани, брифинглар ўтказилиб, муҳим маълумотлар берилаётгани сайловнинг очиқлигини таъминлаш ва аҳоли хабардорлигини оширишга ёрдам беради. Бизда – АҚШда сайлов бўйича 200 йиллик тажриба мажуд.
Януш Пехочинский, “Польша-Осиё” савдо-саноат палатаси президенти, иқтисодиёт ва ташқи савдо бўйича Польша Вазирлар Маҳкамаси маслаҳатчиси:
– Самарқанддаги сайлов участкалари ва округ сайлов комиссиясида бўлиб, сайловга жуда яхши тайёргарлик кўрилганига гувоҳ бўлдим. Президентлик учун беш номзод ўртасида кураш бораётгани эътиборли. Бу ҳам демократиянинг ёрқин ифодаси.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига яқинда Польша фуқароларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишда кўрсатган ёрами учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Бундан ташқари, ўзбек халқи Иккинчи жаҳон уруши вақтида ҳам Марказий Осиёга кўчирилган полякларга юксак инсонпарварлик, ғамхўрлик кўрсатган. Менинг бувим ҳам ўтган аср 40-йилларида шу юртга келиб, паноҳ топган.
Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалар кейинги пайтда ривожланиб бормоқда. Юртингизга ташрифим давомида бу борадаги ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш бўйича келишувларга эришишни ҳам ният қилганман. Ушбу йўналишда ўзбекистонлик ҳамкорлар билан фикрлашиб олдим.
Хосе Марио Чикилло Барбер, (испаниялик кузатувчи):
– Бундан аввал бошқа давлатлардаги, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларидаги сайловларни кузатганман. Ўзбекистонда биринчи марта бундай сиёсий тадбирда иштирок этяпман. Самарқанддаги сайлов участкаларида бўлдим. Очиғи, таассуротларим бир олам. Сайловчиларнинг фаоллиги, ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдираётганини кузатдим. Барча жараёнлар очиқ-ошкора, шаффоф ташкил этилган. Бунинг барчаси Ўзбекистон аҳолисининг мамлакат келажагига бефарқ эмаслиги, сайлов қонунчилиги мукаммаллигидан далолат беради.