Халқни жаҳолатдан қутқариш ҳаракатида бўлган шаҳрисабзлик жадидлар
XIX аср охири, XX аср бошларида Туркистон заминида вужудга келган жадидчилик ҳаракати халқимиз маънавий уйғониш тарихида мутлақо янги босқични бошлаб берди. Жадидлар ўз даврида мустамлакачилик, қолоқлик ва жаҳолат ботқоғида қолган жамиятни уйғотиш, инсон онгида эркин фикр, миллий ўзлик ва тараққиёт ғояларини қарор топтиришни ўзларининг муқаддас бурчи деб билдилар. Улар учун ислоҳотнинг бош мезони – мактаб, таълим, тил, матбуот ва маърифат эди.
Ўрта Осиё жадидлари – Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов, Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Исмоил Ғаспирали каби улуғ зотлар “усули жадид” мактаблари орқали янги авлодни вояга етказишни, миллий матбуот воситасида халқни замон билан ҳамнафас қилишни мақсад қилишди. Улар илм-фан ва дунёвий билимларни ўзлаштирмасдан туриб миллат тақдири ўзгармаслигини чуқур англаган эди.
Жадидчилик ҳаракати фақат Тошкент, Самарқанд ёки Бухоро каби марказлар билангина чекланиб қолмади. Бу маърифат нурлари Қўқон, Фарғона, Хива, Қарши ва албатта, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларга ҳам етиб борди. Қадимий маданий анъаналар ва юксак адабий муҳитга эга бўлган Шаҳрисабз заминида ҳам жадидчилик ғоялари ўзининг маҳаллий илдизларига таяниб шаклланди.
Қадимий ва навқирон Шаҳрисабз Хусрав Деҳлавий, Мирзо Ғолиб, Мирзо Бедил каби улуғ мутафаккирлар мероси билан боғлиқ муқаддас макон ҳисобланади. Алишер Навоийнинг “Хамса”сида Шаҳрисабз алоҳида минтақа сифатида тилга олиниб, “Сабъайи сайёр” достонининг катта бир қисмини айнан шу шаҳар тавсифига бағишлагани ҳам бу диёрнинг маънавий нуфузи қадимдан баланд бўлганидан далолат беради.
Ана шундай тарихий жараёнлар бағрида шаклланган шаҳрисабзлик жадидлар халқни илм-маърифатга чорлаш, адабиёт, хаттотлик, таржима ва тарих орқали миллий онгни уйғотиш йўлида жон фидо қилдилар. Уларнинг фаолияти ва фожиали тақдири бугун ҳам биз учун катта ибрат мактабидир. Ушбу мақола орқали ўз даврининг етук маърифатпарвари, шоир, таржимон, аруз ва муаммо илмининг зукко билимдони Қори Абдулла Гулшанийнинг ҳаёти ва ижод оламига бир назар соламиз.
1898 йилда Шаҳрисабз шаҳрининг Зингирон маҳалласида таваллуд топган Қори Абдулла Гулшаний шахсияти орқали биз нафақат бир шоир тақдири, балки бутун бир давр – жадидчилик ҳаракатининг мураккаб ва фожиали тарихини англаймиз. Шаҳрисабзнинг Оқсарой, Кўк гумбаз, Гумбази Сайидон каби Амир Темур даврига мансуб обидалари бугун ҳам қалбимизда ифтихор туйғусини уйғотади. Аммо бу шаҳарнинг ҳақиқий бойлиги тош ва гумбазларда эмас, балки маърифат, илм ва маънавиятни ҳаёт мазмунига айлантирган инсонлар меросида мужассам.
Ўз даврининг зиёли, маърифатпарвар шахсларидан бири Мирза Салимбек Мирза Раҳим ўғли 1848 йилда туғилган бўлиб, Бухоро амирлигида юқори лавозимларда фаолият юритган нуфузли давлат арбоби эди. У 1910-1914 йилларда Шаҳрисабз вилояти хокими сифатида фаолият кўрсатган.
1914 йилда Тошкентда тошбосма усулда чоп этилган “Туҳфатул аҳбоб фи тазкиратил асҳоби маъа тарихи касираи мажмуаи Салимий” асари жадидлар тарихини ўрганишда беқиёс манба саналади. Унда Бухоро амирлиги тасарруфидаги ҳудудларда яшаган 220 дан ортиқ ижодкор ҳақида маълумот берилиб, улар ижодидан намуналар келтирилган. Тазкирада Қори Абдулла Гулшаний ҳам ёш шоир сифатида тилга олинади. Демак, у Мирза Салимийнинг тенгдош дўсти эмас, балки унинг ҳимоясида камол топган ёш шогирди бўлгани тарихий ҳақиқатга яқин.
Шаҳрисабз жадидлари фаолияти Мирза Салимийнинг яна бир асари — “Тарихи Салимий” орқали ҳам яққол намоён бўлади. Аммо 1914 йилда Мирза Салимбекнинг Бухорога чақирилиши ва унинг ўрнига Акрамхон тўранинг тайинланиши билан Шаҳрисабздаги жадидчилик ҳаракатига қаттиқ зарба берилади. Исмоил Ғаспирали ташриф буюргач, эндигина илдиз отаётган маърифатпарварлик ҳаракати таъқиққа учрайди.
Бу даврда машҳур хаттот ва шоир Мирза Юнусхўжа Рожий Шаҳрисабзийнинг ноҳақ қатл этилиши шаҳар тарихидаги энг мудҳиш саҳифалардан бири бўлиб қолди. Унинг ҳуснихати билан кўчирилган Мирзо Бедил девони бугун ҳам Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланиб, бебаҳо илмий ёдгорлик сифатида эътироф этилмоқда. Рожий билан бир қаторда Исомиддин Шаҳрисабзийнинг сургун қилиниши, Абдуллобекнинг зиндонга ташланиши, Абдураҳмонбекнинг қатл этилиши жадидлар тақдирининг қанчалик фожиали бўлганини кўрсатади.
Бу номлари келтирилган зиёлилар Президентимиз таъбири билан айтганда, “Тилда, фикрда, ишда бирлик” ғояси билан майдонга чиққан ва халқни жаҳолатдан қутқаришнинг ягона йўли билим ва маърифатда эканини англаганлар эди.
Шу боис, шаҳрисабзлик жадид боболаримиз қолдирган қўлёзмаларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш, уларни нашр этиш, музейлар ва таълим муассасаларида кенг тарғиб қилиш – нафақат тарих олдидаги бурчимиз, балки келажак авлод олдидаги масъулиятимиздир. Аждодлар меросини англаган ёш авлод эса Янги Ўзбекистоннинг муносиб бунёдкори бўла олади.
Аҳадхон МУҲАММАДИЕВ,
Шаҳрисабз давлат педагогика институти профессори.