Харид чеки олишни унутмадингизми?

Барчамиз харидормиз. Аммо савдо жараёнида кўпчилик эътибор бермайдиган, аммо муҳим бўлган бир шарт аксарият ҳолларда эсдан чиқади ёки умуман эътиборга олинмайди. Бу харид қилинган маҳсулот учун назорат-касса машинаси чекини олиш.
Шундан келиб чиқиб, вилоят солиқ бошқармаси томонидан “Харид чеки олишни унутманг!” тарғибот акцияси ўтказилди.
Тадбирда солиқ ходимлари, ёшлар ва маҳалла фаолларидан иборат тарғибот гуруҳлари харид чеки талаб қилиб олишнинг аҳамияти ва харид чеки берилмаса тадбиркорга нисбатан қўлланиладиган чоралар тўғрисидаги тарғибот материалларни тарқатди.
- Дастлаб барча тарғибот гуруҳи аъзоларини бир жойга жамладик. - дейди бошқарма ахборот хизмати раҳбари Даврон Равшанов. – Акциянинг асосий мақсади ҳақида тушунтириш бердик. Тарғибот материалларини фақат фуқароларнинг қўлига бериб кетмасдан, тўлиқ маълумот бериш лозимлиги тушунтирилди. Солиқ органлари томонидан олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишларига қарамай, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида сотилган товар учун чек бермаслик ҳолатлари юзасидан мурожаатлар келмоқда. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, жорий йилнинг 4 ойи давомида фуқаролар томонидан чек бермаслик ҳолатлари юзасидан 1300 тадан ортиқ мурожаат юборилган.
Тарғибот тадбирлари вилоятнинг барча ҳудудида ўтказилади.