Хайрли тонг азизлар!
Наврўзинг – янги кун, янги давронинг муборак, жонажон Ўзбекистоним!
Наврўз Ўрта Осиё ва Яқин Шарқ халқларининг қадимий, анъанавий янги йил байрами.
Бу байрам Ўрта Осиёда ислом дини қабул қилинмасдан анча илгари мавжуд бўлган. Наврўз ҳақида Абу Райҳон Берунийнинг «Китоб ат-тақвим» («Тушунтириш») ва «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарларида маълумот берилган. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девони луғотит турк» асарида баҳорга ва Наврўз байрамига бағишланган халқ лирик қўшиқларидан намуналар учрайди. Умар Хайёмнинг «Наврўзнома» китобида Наврўз байрами ҳақида қимматли маълумотлар бор.
Қуёшнинг қамал буржига кириши, кеча билан кундузнинг баробар келиши йил боши ҳисобланган. Бу эски Қуёш йили ҳисобида фарвардин ойининг аввалига (22 март) – кеча билан кундузнинг узая бошлаши, табиатда жонланиш, баҳорнинг бошланиш даврига тўғри келади. Буни кичик Наврўз байрами ёки оммавий Наврўз байрами дейилган. Фарвардиннинг олтинчи куни эса катта Наврўз байрами ёки махсус Наврўз байрами деб аталган. Анъанага кўра, кичик Наврўз байрамидан бошлаб ҳамма нарса амалга киради, деб ҳисоблашган.
Наврўз байрамининг пайдо бўлишини бизгача етиб келмаган қадимий пахлавий китоблардаги маълумотлар асосида Абулқосим Фирдавсий ўзининг «Шоҳнома» асарида ярим афсонавий шоҳ Жамшид номи билан боғлайди. «Жамшид темир эритиб қурол ясашни, ип йигириб, тўқиб, кийим тикишни, уй, ҳаммомлар қуришни ихтиро қилади, сўнг кишиларни ўз қобилияти ва ҳунарига қараб гуруҳ-табақаларга ажратади. Ниҳоят, бир куни бир тахт ясатиб, унда осмонга кўтарилади. Бу фарвардиннинг биринчи куни эди. Ҳамма жуда бахтиёр, ғам-андуҳни унутиб, шу куни барча Жамшидни табриклайди ва байрам янги йил боши бўлиб анъанага айланиб қолади».
Тарихий манбаларга қараганда, Наврўз байрамини ўтказиш аҳамонийлар давридан бошлаб анъанага айланган ва Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон халқларида энг катта байрам ҳисобланган. Бу ўлкаларга ислом дини киритилган пайтда Наврўз байрами тақиқланган. Аммо подшо саройларида расмий сифатда байрам қилинмаса-да, халқ ўз севган байрамини давом эттирган. Шунинг учун ҳам Ўрта Осиё ва Эрон халқлари араб халифалиги ҳукмронлигидан кутилган давр (IX-X асрлар)дан бошлаб Наврўз байрамини ўтказиш яна расмий тус олган. Абу Райҳон Берунийнинг «Ёдгорликлар» китобида маълумот беришича, байрам фарвардиннинг олтинчи куни, яъни катта Наврўзга қадар давом этган.