Фахрий журналист Хайрулла Ҳамроев хотираси қалбимиздан ўчмайди
Ҳамкасбимиз - Хайрулло Ҳамроевнинг вафот этганлиги ҳақидаги хунук хабар барчамизни қайғуга солди. Истеъдодли шоир, публицист, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси Хайрулла Ҳамроев 63 ёшда эди.
Х.Ҳамроев 1956 йилда Булунғур туманининг Оқтепа қўрғонида туғилган эди. Ўрта мактабни битиргач, Самарқанд давлат университетининг тарих факультетида таҳсил олди. Журналистика ҳамда бадиий ижодга қизиқиши боис, у дастлабки иш фаолиятини Булунғур туманининг «Булунғур ҳаёти» газетасидан бошлади.
Сўнгра туман радиоси таҳририятида, вилоят «Зарафшон» газетасида, кейинчалик республика «Меҳнат», «Зарафшон» нашриётларида, «Оила ва жамият» газетасининг вилоятдаги мухбири сифатида фаолият кўрсатди.
Хайрулла Ҳамроевнинг бир қатор тармоқ газеталари ҳамда матбаа нашрларида кечган фаолияти ҳам ғоят самарали бўлди. Унинг вилоятимиз ҳаёти билан боғлиқ мақола, очерк ва лавҳалари, таҳлилий чиқишлари газетхонлар эътиборини қозонганди.
Х.Ҳамроев бадиий ижодда ҳам ўз ўқувчиларига эга қайноқ қалб, соҳир ижодкор эди. Унинг «Умрнинг овози», «Сарбон», «Таскин», «Ибратли умр», «Айро йўлда адашганлар», «Барқарор авлод» сингари назмий ва насрий асарлари китобхонлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Замондош ва ҳамфикр дўстлари, елкадош ҳамкасблари ҳамда шогирдлари номидан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор қиламиз.
«Зарафшон» газетаси таҳририятидан қадамини узмаган, ҳаммаслак қаламкаш, касбига содиқ, камтарин инсон Хайрулла Ҳамроев хотираси қалбимиздан ўчмайди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими, вилоят «Зарафшон» ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририяти.