Хитой Тожикистоннинг Афғонистон билан чегара жойида махсус база қуради
Хитой Тожикистон ички ишлар вазирлиги учун Тоғли Бадахшон автоном вилояти (ТБАВ) нинг Вахон дарасида қиймати қарийб 8,9 миллион долларлик махсус база қуради. Уни қуриш бўйича келишув лойиҳаси 27 октябрь куни республика парламенти томонидан қабул қилинди, деб хабар беради “РИА Новости” мухбири.
“Хитой Халқ Республикаси Тожикистон ички ишлар вазирлиги ва Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлиги ўртасидаги келишувга мувофиқ, қиймати 100 миллион сомоний (қарийб 8,9 миллион доллар)лик база қуради. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси депутатларига Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораси раҳбарининг биринчи ўринбосари Абдураҳмон Аламшозода маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, база ТБАВнинг Ишкашим вилояти Вахон дарасида Тожикистон ИИВ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш департаментининг тезкор ҳаракат гуруҳи учун қурилади. “Келишувга мувофиқ, база қурилиши давомида Хитойдан Тожикистонга олиб келинадиган барча жиҳозлар солиқ ва божхона тўловларидан озод қилинади”, деди Аламшозода.
Лойиҳа доирасида 12 та бино, жумладан, маъмурий бино, ётоқхона, ошхона, Тожикистон хавфсизлик хизмати ходимлари ва уларнинг оила аъзолари яшаши учун бинолар, сув омбори ва иккита кузатув минораси барпо этилиши режалаштирилган. Мажмуанинг умумий майдони 3550 квадрат метрни ташкил қилади.