Хитойлик инвесторлар каттақўрғонлик тадбиркорлар билан ҳамкорлик меморандумлари имзолади

Жорий йилда шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова бошчилигида каттақўрғонлик тадбиркорлар иштирокидаги делегациянинг Хитой давлатига ташрифи давомида бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича меморандумлар имзоланган эди. Ҳамкорлик шартномасига кўра хитойлик инвесторларнинг Каттақўрғон шаҳрига ташрифи ва лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилганди. Шунга кўра, Каттақўрғон шаҳрига Ўзбекистон экспортчи уюшмаси ва Ўзбекистон иқтисодиёт ансамблиясининг Хитойдаги вакиллари ташриф буюрди. Меҳмонлар СамДУ Каттақўрғон филиалида шаҳар ҳокимлиги вакиллари томонидан кутиб олинди.

Шундан сўнг Ўзбекистон-Хитой Каттақўрғон бизнес форуми ўтказилди. Дастлаб, шаҳар хокими Гавҳар Алимова форум иштирокчиларига Каттақўрғон шаҳри, унинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ҳақида маълумот берди. Форум доирасида хитойлик инвесторлар ўзларининг лойиҳалари бўйича тақдимотларини намойиш этдилар.

Самимий тарзда бўлиб ўтган учрашувлар доирасида Каттақўрғон шаҳридаги тадбиркорлар томонидан 20 дан ортиқ лойиҳалар тақдим этилди. 

Ҳар иккала томон учун ҳам фойдали бўлган енгил саноат, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, савдо-саноат, трансформатор ишлаб чиқариш, тўқимачилик ва бошқа соҳалар бўйича лойиҳалар юзасидан меморандумлар имзоланди. 

Ўйлаймизки, ушбу ҳамкорлик Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ҳилола Эргашева.