Хитойнинг уч минг аскари ғойиб бўлган. Бу ҳақда бугунгача ҳеч ким билмайди
1937 йилда Хитой ва Япония олти ой давомида шиддатли уруш олиб борди.
Япон ҳарбийлари тарихдаги энг шавқатсиз қирғинлардан бири бўлган “Нанкиндаги душманни бутунлай қириб ташлаш”, деб номланган операцияни бошлаш арафасида эди. Аммо бу даҳшатли онлардан олдин, инсоният тарихидаги энг ғалати ҳодиса - аскарларнинг ғойиб бўлиши содир бўлди.
Нанкиннинг жанубида Хитой аскарлари полковниги Ли Фу Сиен бостириб келаётган япон кучларига қаршилик кўрсатишга тайёргарлик кўраётган эди. Шу мақсадда уч минг аскардан иборат ҳарбий қисмни қабул қилиб олди. Кўп сонли артиллерия қуроллари билан таъминланган аскарларнинг асосий вазифаси стратегик аҳамиятга эга бўлган кўприкни ҳимоя қилишдан иборат бўлиб, улар 3,2 километрлик чизиқда жойлаштирилди.
Полковник жанговар таркибни текширди, кўрсатмалар бериб, бўлажак ҳужумни назорат қилиш мақсадида ўз штабига қайтди.
Тонгда полковникни бир аскар кўприкни ҳимоя қилиши керак бўлган қўшинлар билан алоқа ўрнатишнинг иложи бўлмаётганлиги тўғрисидаги хабар билан уйғотди. Дарҳол разведка гуруҳи тузилди. Воқеа жойига етиб борган разведкачилар ҳайрон бўлишди – гарчи, қурол-аслаҳалар жойида бўлса ҳам бирорта аскар йўқ эди.
3000 одам изсиз ғойиб бўлди. У ерда уруш ёки бирон бир жангнинг аломатлари йўқ эди. Кўприк соқчилари эса тун давомида минглаб аскар тугул, бу ердан мутлақо ҳеч ким ўтмаганлигини таъкидлашди.
Шу-шу йўқолган аскарлар топилмади.
Уруш тугагач, япон ҳарбий ҳужжатларини ўрганиш пайтида хитойлик аскарларнинг сирли равишда ғойиб бўлган излари аниқлана бошланди. Лекин бу воқеа тўғрисида ҳеч қандай тафсилот берилмаган.
Қандай қилиб 3000 киши, яна улар оддий одамлар эмас, балки ўргатилган аскарлар бир вақтнинг ўзида йўқ бўлиб кетиши мумкин? Қочоқликми, ўз-ўзини яшириш ёки уларни ўзга сайёраликлар ўғирлаб кетдими? Тарих бу ҳақда сир сақламоқда.
Баҳора МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.