Хизмат кўрсатиш соҳасида Европа тажрибаси
Уни Ўзбекистонда қўллаш мумкинми?
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида Россия Федерациясининг Тамбов давлат университети, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети, ТДИУ Самарқанд филиали билан ҳамкорликда халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Кўп йиллардан буён анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган бу галги анжуманнинг мавзуси “Хизмат кўрсатиш соҳасини яшил ва инновацион иқтисодиёт тамойиллари асосида барқарор ривожлантириш йўналишлари”га бағишланди.
Соҳасини ривожлантириш жамият тараққиётида ҳамиша долзарб бўлиб келган, келажакда ҳам мазкур масала долзарблигича қолади. Шу боис, бу йўналишни ривожлантириш ҳамкорликда янги лойиҳаларни апмалга ошириш, замонавий ёндашувларни татбиқ этиш лозим.
- Мен бу конференцияда “Европа ва болтиқбўйи мамлакатларида хизматлар соҳасини барқарор ривожлантириш бўйича хорижий тажриба ва уни Ўзбeкистонда қўллаш имкониятлари” мавзусидаги маърузам билдан иштирок этдим, - дейди СамИСИ халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Жонибек Маҳмудов. – Маърузамда хизматлар соҳасини барқарор ривожлантириш бўйича Евроиттифоқ миқёсидаги сиёсий ҳаракатлар ҳамда Болтиқбўйи мамлакатлари тажрибаси таҳлил қилинган. Хизматлар соҳасида барқарорлик фақат экологик таъсирни камайтириш (энергия ва сув тежамкорлиги, чиқиндиларни бошқариш) билангина чекланмаслиги, балки институционал механизмлар (меъёрий тартибга солиш, стандартлар, ҳисобот), бозор рағбатлари (яшил давлат харидлари, эко-ёрлиқлаш) ва инновациялар (рақамли платформалар, ГовТеч, маълумотлар мослашувчанлиги) орқали шаклланиши асослаб берилди.
Конференцияда Россия, Озарбойжон, Малайзия ва бошқа давлатлардан олимлар масофадан қатнашиб, ўз фикрларини билдиришди.
- Технологиялар трансфери (ТТ) тобора олий таълим муассасаларида (ОТМ) стратегик функцияга айланиб бормоқда, - дейди Малайзиянинг Утара университети профессори доктор Моҳд Файзал Умар. - Бу эса университетларга тадқиқот натижаларини иқтисодий, ижтимоий ва технологик таъсир кўрсатадиган инновацияларга айлантириш имконини бермоқда. Университетлар миллий инновацион экотизимларда катта рол ўйнаганлиги сабабли самарали ТТ амалиётлари тижоратлаштириш йўлларини мустаҳкамлаш, саноат ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш ва илмий-тадқиқот натижаларининг қийматини ошириш учун муҳим аҳамиятга эга. Бироқ унинг муҳимлигига қарамай, кўплаб ОТМлар ихтирони ошкор қилиш, технологияга тайёрлик даражасини аниқлаш, интеллектуал мулкни баҳолаш ва ҳимоя қилиш, инновацияларни тарғиб қилиш, лицензиялаш ва шартномани мониторинг қилиш босқичларида ТТ жараёнларини бошқаришда доимий қийинчиликларга дуч келмоқда. Таҳлил кўплаб соҳаларда қарор қабул қилишни ўзгартирган бўлса-да, унинг ТТ бошқарувига интеграцияси чекланганлигича қолмоқда. Ҳозирги ТТ операциялари кўпинча субъектив эксперт хулосаларига, қўлда бажариладиган жараёнларга ва бўлинган маълумотлар манбаларига таянади. Бу эса операцион самарадорликни пасайтиради ва тижоратлаштириш бўйича ўз вақтида, далилларга асосланган қарорлар қабул қилишга тўсқинлик қилади. Тизимли таҳлилий ёндашувларнинг йўқлиги ТТ офисларига бозор тенденцияларини аниқлаш, патент таҳлилини ўтказиш, спин-оут яратиш учун потенциал тадқиқотчиларни профиллаш ва бошқа турли хил стратегик фаолиятларни қўллаб-қувватлаш имконини бермайди. Шу боис, тадқиқотларни тижоратлаштириш натижаларини мустаҳкамлаш ва академик муассасаларда технологиялар трансферининг умумий самарадорлигини оширадиган маълумотларга асосланган амалиётларни ишлаб чиқишни рағбатлантиришга эътибор қаратилади.
Анжуман давомида соҳа ривожига ҳисса қўшадиган қатор таклифлар билдирилди, иштирокчилар шуъбаларга бўлинган ҳолда маҳорат дарслари ўтишдилар.
Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.