Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хизматлар соҳаси ривожланса, аҳоли бандлиги таъминланади

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтмиш олтинчи сессияси ўтказилди.

Сессияни Кенгаш котибияти мудири З.Каримов бошқарди.

Дастлаб депутатлар томонидан вилоят маҳаллий бюджетининг 2022 йил харажатларини мақбуллаштириш, Кенгашнинг ўтган йил

30 декабрдаги “Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетининг 2021 йилдаги кутилаётган ижроси ҳамда 2022 йилги маҳаллий бюджетнинг белгиланган асосий параметрлари тўғрисида”ги қарорининг 3-иловасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарорлар кўп квартирали уйларни бошқариш фаолиятини амалга ошириш қоидалари ҳамда Кенгашнинг иккинчи ярим йиллик иш режаси тасдиқланди.

Вилоятда фуқаролар йиғинлари раислари сайловининг якунлари юзасидан вилоят фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссия раиси Ф.Тошев ахборот берди.

Ахборотда таъкидландики, жорий йилнинг 16-27 май кунлари вилоятдаги 1126 маҳаллада сайлов ўтказилди. Аҳоли томонидан муносиб деб топилган маҳалла раисларининг 354 нафари илгари ушбу вазифада ишлаган, 772 нафари биринчи марта мазкур лавозимга сайланди.

Сессияда Каттақўрғон шаҳар ҳокими Г.Алимова хизматлар соҳасини ривожлантириш ишларининг аҳволи тўғрисида ҳисобот берар экан, жорий йилнинг 7 июнь куни Президентимиз томонидан ўтказилган йиғилишда айтилган - шаҳарда яратилган янги иш ўринлари салмоғи режага нисбатан анча пастлиги сабабларига тўхталди.

Нуробод тумани ҳокими Ш.Йўлдошевнинг туманда хизматлар соҳасини ривожлантириш тўғрисидаги ҳисоботида келтирилишича, фаолият кўрсатаётган ва янги ташкил этилган хизмат кўрсатиш объектларида хизматлар ҳажмини камайтириб кўрсатиш, иш ўринларини яшириш ҳолатлари кузатилмоқда. Шунинг учун жорий йилда “ноль” ҳажм кўрсатган 116 та, кам ҳажм кўрсатган 155 та, бир ишчи ходим билан ишлаётган 169 та корхонада камерал ва профилактик назорат тадбирларини амалга ошириш, назорат касса машиналарини, статистик кузатув услублари асосида сарфлаётган энергия ресурслари сарфини, савдо терминалларининг доимий ишлашини назоратга олиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, сессияда вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси раҳбарининг ҳудудлардаги ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳалардаги қурилиш ишларининг бориши юзасидан ҳисоботи тингланди. Вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисида қабул қилинган қарорларга ўзгартиришлар киритилди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.