Хўжа Жаҳон Арший Алишер Навоийни ўзига устоз билган

XVIII асрнинг иккинчи чорагидан бошлаб Арший тахаллуси билан девон тартиб берган Хўжа Ёқуб Хўжа Жаҳон (1685–1755 йиллар) исмли ҳукмдор-шоир фаолият олиб борган. Тахминан 1724–1730 йиллар оралиғида Бухоро, Самарқанд, Қўқон мадрасаларида ўқиган Арший туркий, форс ва араб тилларида шеърлар ижод қилган. 1735–1759 йиллар орасида Ёркент ҳокими бўлишига қарамасдан Арший ҳар пайшанба куни «Олтин» деб аталувчи мадрасада талабаларга дарс берган. Улар орасида мовароуннаҳрлик талабалар ҳам таҳсил олишган.

Хўжа Жаҳоннинг ҳукмдорлиги даврида туркий шеърият ривожланиши билан бирга форс, араб тилларидан қатор нодир манбалар таржима қилинди. Бу даврда Қосимийнинг “Тазкираи Арслонхон”, муаллифи номаълум “Тазкираи Султон Сутуқ Буғрохон Ғозий”, Ниёзийнинг «Тазкираи Заҳиулло», Муҳаммад Амин Садр Қашқарийнинг “Дур ул ахбор”, Шоирохуннинг “Исломнома” номли тазкираси, тарихий асарлар, қатор баёз ва девонлар майдонга келди.

Хўжа Жаҳон бу каби маърифатпарлик ишларида ҳам, бадиий адабиётда ҳам ўзига устоз деб Алишер Навоийни билган ва буни очиқ ойдин шеърларида келтириб ўтган:

Нетай жаннатда бўлса, юз туман ҳур,

Жаҳон боғида бир ҳурлиқо бас.

Чек эмди Арший турлук навони,

Навоий савтида наво чексанг бас.

Арший Алишер Навоийни жаннатдаги пок маҳлуқотлардан ҳам устун ва аъло билиб, унга ҳар жиҳатдан эргашишга, гарчи, дунёда кўплаб наволар бўлса-да, айнан Навоий навосида куй чалишга, яъни устоз услубида ижод қилишга эътибор қаратган. Арший шеърларида Алишер Навоий руҳига ғойибона мурожаат қилади, ҳазрат руҳидан мадад тилайди:

Хисраву, Фарҳоду, Мажнун бош кўтармас Рўзи ҳашр,

Бу жаҳонча чунки ишқим шоъна алвонин кўриб.

Бенаво Арший тилар руҳи Навоийдин футуҳ,

Мурғзори назм аро мурғи хуш алҳонин кўриб.

Гоҳида шоир Алишер Навоийдек устоз руҳи олдида ўзини ожиз сезади, гоҳида эса устози каби чиройли баёт битганидан фахрланади:

Навоий гарчи наво топмайин ўлуб сиздин,

Қўллангки эмди сиз, Арший навога боқинг.

Алишер Навоийнинг бир ғазал мақтаси қуйидаги кўринишга эга:

Навоий шояд ул раҳравға бу мақсуд насиб ўлғай,

Ким ул дашти фано қатъ эткали йиллар рақам чекти.

Арший улуғ устоз хулосасига ўзига хос тарзда жавоб беради:

Диёру назм аро шонлиғ Навоий гарчи кўп сурди,

Гадо Арший ҳам хон сўз мулкида йиллар қадам чекди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Арший” тахаллуси билан ижод қилган Хўжа Жаҳон қўшни мамлакат Чиғатой улуси ҳукмдор адиблари Ҳусайн Бойқаро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Шайбоний, Убайдийга тақлидан ҳукмдорлигини ижодкорлик билан ҳамоҳанг олиб борган. Футуҳий, Зуҳурий тахаллуслари билан шеър битган фарзандлари билан биргаликда Алишер Навоийдан ўрнак олиб, юрт равнақи, маданияти, адабиёт ва санъатнинг ривожига беқиёс ҳисса қўшган.

Эркин МУСУРМАНОВ,

филология фанлари доктори.