Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Япониянинг “city.nara” нашри Нара ва Самарқанд шаҳарлари ўртасидаги алоқа Ипак йўли давридан буён мавжудлиги ҳақида ёзди. Мақолада ўтган 2023 йил Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва Нара префектураси губернатори Макото Ямашита ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтгани, мулоқот чоғида икки давлат ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, туризм, таълим, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласи муҳокама қилингани таъкидланган.
Жаноб Макото Ямашита икки шаҳар ўртасидаги алоқа тарихи қадим даврларга тақалиши, ҳозир ҳам Нарада жойлашган “Тодайжи” ва “Хорюжи” буддийлар ибодатхоналарида сўғдлар маданияти акс этган бебеаҳо буюмлар сақланишини эътироф этган.
– Нара ва Самарқанд муносабатини юқори баҳолайман, – дейди губернатор. – Масалан, префектурамизда ўтказилган “Самарқанд кунлари” фестивали маҳаллий аҳолида жуда илиқ таассурот қолдирган.
Муаллиф элчимиз Муҳсинхўжа Абдураҳмоновнинг 2021 йил 24 декабрь куни Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Нара префектураси ўртасида имзоланган дўстона муносабат тўғрисидаги шартнома асосида шериклик ҳар томонлама ривожланаётгани ҳақидаги чиқишини келтирган. Шунингдек, Ипак йўли дурдонаси саналмиш, 2500 йилдан ортиқ тарихга эга Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар – Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда мажмуаси каби кўплаб диққатга сазовор жойлар дунё сайёҳлари эътиборини жалб қилиши гўзал ташбеҳлар билан таърифланган. 2001 йил UNESCO ёдгорликлари рўйхатига киритилган Улуғбек ва Шердор мадрасалари, Тиллакори масжиди ҳам муҳим объектлар сирасига кириши урғуланган.
Эслатиб ўтиш жоиз, 2019 йил август ойида Самарқанд ва Нара шаҳарлари ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзолангандан буён Нара турли қўшма тадбирларга мезбонлик қилиб келмоқда. Хусусан, ушбу япон кентида Самарқандга бағишланган фото кўргазма ҳам ташкил қилинган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА