Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Эрон президентлик сайловларида 6 нафар номзод иштирок этади. Украина қуролли кучлари самолёти биринчи марта Россия ҳудудидаги нишонга ҳужум қилди

Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловларида 6 нафар номзод иштирок этади. Булар: Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бағир Ғолибаф, Теҳрон мэри Алиризо Законий, Эрон олий раҳбарининг Эрон Исломий хавфсизлик кенгашидаги вакили Саид Жалилий, собиқ адлия ва ички ишлар вазири Мустафо Поурмуҳаммадий, депутат Масуд Пезешкиан ва Эроннинг амалдаги вице-президенти Амир Ҳусайн Ғозизода Ҳошимий. Муддатидан олдин президентлик сайловлари 28 июнь куни бўлиб ўтади.

🔹 Украина ҳарбий-ҳаво кучлари самолёти биринчи марта Россия Федерациясининг Белгород вилоятидаги нишонга ҳужум қилди. Ҳужумда қандай қурол ишлатилгани ҳақида маълумот йўқ. “Бу Украина ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан Россия ҳудудидаги нишонга қарши қўлланилган биринчи ўқ-дори”, дейилади манбада.

🔹 Шимолий Корея якшанбадан душанбага ўтар кечаси Жанубий Корея билан чегарадан чиқинди солинган 310 га яқин ҳаво шарларини жўнатди. Маълумотларга кўра, ҳаво шарларининг сўнгги партиясида заҳарли моддалар топилмаган. Шимолий Корея дам олиш кунлари Жанубий Кореяга 1600 дан ортиқ ахлат шарларини учирган.

🔹 Покистон Швейцариядаги Украина бўйича саммитда иштирок этишдан бош тортди. Дипломатик манбалар бу қарорга бир қанча омиллар сабаб бўлганини айтди: халқаро бетарафлик, формат ва мақсадларнинг ноаниқлиги. БРИКС давлатларининг (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка) Украина бўйича конференцияда иштирок этишдан бош тортиши барқарор ечимларга эришиш учун барча асосий ўйинчиларнинг фикрларини ҳисобга олиш муҳимлиги ва халқаро дипломатиянинг мураккаблаштиришини кўрсатади. 

🔹 Президент Владимир Путин яқин ҳафталарда Шимолий Корея ва Вьетнамга ташриф буюради. Сўнгги пайтларда Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги муносабатлар ҳар икки давлатнинг халқаро изоляцияси шароитида сезиларли даражада фаоллашди. Санкцияларга қарамай, Россия Шимолий Корея билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлларини қидирмоқда. Вариантлар орасида транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, технология ва туризм соҳасидаги ҳамкорлик киради. 

🔹 АҚШнинг собиқ етакчиси Доналд Трамп АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байдендан ақлий қобилиятлари ва организмида гиёҳванд моддалар мавжудлигини текширишни талаб қилмоқда. “Байден когнитив тестдан ўтиши керак... У тана тестини ҳам топшириши керак”, дейди Трамп. Байден ва Трамп 27 июнь куни CNN телеканалида теледебат ўтказишга келишган. 

🔹 Қирғизистон 6 ойга мамлакатга товуқ тухумини олиб киришни тақиқлади. Мақсад - озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш.

Г.Холдорова тайёрлади.