Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Сурия президенти эронпараст жангариларнинг Исроил чегарасига юришини тўхтатди. Россиянинг шарқий қисмида Шимолий Кореянинг 11 мингга яқин пиёда аскари тайёргарликдан ўтмоқда
🔹 Бугун Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан Россия, Озарбайжон, Арманистон ва Эрон ташқи ишлар вазирлари ўртасидаги учрашув Истанбулдаги "Долмабахче" президентлик идорасида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
🔹 Жо Байден Европа етакчилари билан Украинани қўллаб-қувватлаш масаласини муҳокама қилиш учун Берлинга борди.
🔹 Сурия президенти Башар ал-Асад Исроил мудофаа кучлари Сурия жанубига бостириб кириши билан жавоб қайтаришидан қўрқиб, эронпараст жангариларнинг Исроил билан чегарага юришини тўхтатди. Асаднинг бу қарори Исроилнинг Сурия ҳудудига эҳтимолий бостириб киришининг олдини олишга қаратилган мажбурий қадам бўлиб, акс ҳолда амалдаги ҳукумат учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин эди.
🔹 Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Будановнинг сўзларига кўра, ҳозирда Россиянинг шарқий қисмида Шимолий Кореянинг 11 мингга яқин пиёда аскари тайёргарликдан ўтмоқда, улар Украинада Россия томонида жанговар ҳаракатларда қатнашиши айтилмоқда.
🔹 Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзинпин БРИКС саммитида иштирок этиш учун 22-24 октябрь кунлари Россияга ташриф буюради.
🔹 "ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Яҳё Синварнинг ўлдирилиши Яқин Шарқдаги вазиятга жиддий таъсир кўрсатмайди ва Ғазо секторидаги можаронинг ҳал этилишига ёрдам бермайди", дейилади CNNда. Таъкидланишича, юқори даражадаги раҳбар йўқ қилинганига қарамай, можаро асосидаги тузилмавий ва ижтимоий муаммолар ҳал этилмаяпти, бу эса тинч йўл билан ҳал қилишга уринишларни қийинлаштирмоқда.
🔹 Япония шимоли-шарқидаги Тохоку ҳудудида жойлашган Ивате префектураси соҳилларида 5,2 магнитудали зилзила қайд этилди. Қурбонлар ва вайронагарчиликлар ҳақида маълумот йўқ.
🔹 Олмаотадан 50 нафар ноқонуний муҳожир чиқариб юборилди, улар орасида Озарбайжон, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари бор.
🔹 Франция Россия билан қуролланиш пойгасига тайёрланмоқда. Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноел Барро таъкидлашича, ҳарбий бюджет қонуни француз армиясига "ўз жойлашуви, аралашуви ва мудофаа қобилиятини қайта тиклашга" имкон беради.
🔹 Ҳизбуллоҳ шиа ташкилотининг қуролли бўлинмалари Ливан жанубида Исроил агрессиясига қаршилик кўрсатишда давом этиб, душманга инсон кучи ва техникаси билан катта талофатлар етказмоқда.
🔹 Украина президенти Владимир Зеленскийнинг ядро қуролининг мавжудлиги НАТО аъзолигига ягона муқобил эканлиги ҳақидаги баёнотлари Ғарб давлатларининг можарони ҳал қилиш бўйича уларга тақдим этилган “режа”ни қабул қилишни истамаслиги фонида янграган. Бу ҳақда Британиянинг Telegraph газетаси маълум қилади. Зеленский 17 октябрь куни Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Киевнинг ядро қуроли НАТОга ягона муқобил эканлигини айтди. Кейинроқ Украина ҳукумати ядровий қурол захираларини тиклаш имкониятини жиддий кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берилди. Шундан сўнг, Зеленский НАТО бош котиби Марк Рутте билан қўшма матбуот анжуманида Украина расмийлари ядро қуролини яратиш ниятида эмаслигини таъкидлади.
Гулнора Холдорова тайёрлади.