Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Об-ҳавога таъсирчанлар огоҳлантирилди. Конгода маймунчечак эпидемияси кузатилмоқда

🔹 АҚШ Сенати процессуал овоз беришда Украина, Исроил ва Тайванга бир неча кун аввал Вакиллар палатаси томонидан қабул қилинган 95 миллиард долларлик ёрдам пакетини маъқуллади. Пакет Украинага 60 миллиард долларлик, Исроилга, Ғазо секторидаги гуманитар ёрдам учун 26 миллиард, Тайвань ва Ҳинд-Тинч океани минтақаси хавфсизлиги учун 8 миллиард доллар ёрдамни ўз ичига олади.

🔹 Конго Республикасида расмийлар маймунчечак эпидемиясини эълон қилди - яқинда мамлакатда касалликнинг 19 ҳолати тасдиқланган. Ҳозирча ўлим қайд этилмаган.

🔹 Қўшма Штатлар Россиянинг энергетика сектори ва тегишли инфратузилмасига қарши санкциялар қўллашда давом этмоқда.

🔹 Россия мамлакат аҳолисини 2050 йилга бориб 160,2 миллион кишига етказиш учун Африка ва Лотин Америкаси давлатларидан меҳнат ва таълим миграцияси қўлламоқчи.

🔹 Афғонистонни назорат қилаётган Толибон ҳаракати етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода ИШИД ва бошқа гуруҳларга қарши курашувчи махсус бўлинма тузишга буйруқ берган ва ишсиз Толибон жангчиларини ушбу бўлинмага сафарбар қилишни буюрган.

🔹 Франция полицияси вақтинчалик лагердан 30 га яқин ғарбий африкалик ўсмир ва ёшларни ҳайдаб чиқарган. Ҳуқуқ фаоллари ва уйсизларга ёрдамчи гуруҳлар буни "ижтимоий тозалаш" деб атаб, ҳолатни Олимпиада ўйинлари билан боғламоқда.

🔹 Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл»даги терактни ташкил этиш ва амалга оширишда иштирок этганларнинг ҳеч бири жазодан қутулиб қолмаслиги керак, деб ҳисоблайди Россия президенти Владимир Путин. “Россия махсус хизматлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу жирканч жиноятнинг барча тафсилотларини аниқлаш ва ўрганиш, унинг иштирокчилари, жумладан, мижозлар, ҳомийлар ва ташкилотчиларни аниқлашда давом этмоқда”, деди у.

🔹 Буюк Британиядан Украина Қуролли кучлари собиқ бош қўмондони Валерий Залужнийнинг Украина элчиси лавозимини эгаллашига расмий розилик олинди. Валерий Залужний 2024 йил 8 февралда Украина Қуролли Кучлари Олий Бош қўмондони лавозимидан озод этилган эди. Украина президенти Зеленский буни "генералларни янгилаш" деб тушунтирган ва бир кун ўтгач, Залужнийга Украина Қаҳрамони унвонини берган эди.

🔹 Доналд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий иловасини ишга туширувчи компаниядан 1,3 миллиард доллар бонус олишни кўзламоқда, бу акцияларни кўтарилиши инобатга олсак, у эгалик қилган акция қисмининг деярли ярмига тенг.

🔹 Шойгу ёрдамчиси пора олгани учун қамалди. Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов суд томонидан ҳибсга олиниб, тергов изоляторига жўнатилган.

🔹 Украина Россия билан тузилган яна бир келишув - чегара ҳудудларида ҳамкорлик тўғрисидаги битимдан чиқди. Ушбу ҳужжат 1995 йил январида Харьковда имзоланган.

🔹 Россиянинг Тюмень вилоятининг Ишим дарёсидаги сув сатҳи тўрт соат ичида 34 см.га кўтарилиб, киритик кўтарилишига 7 сантиметр қолган.

🔹 Бугун тунда Қуёшда мегапортлаш содир бўлди. G1 синфидаги геомагнит бўрони 25 ва 26 апрель кунлари таъсир қилиши кутилмоқда.

Гулнора Холдорова тайёрлади.