Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Украина Қрим кўпригига учинчи ҳужумни режалаштирмоқда. Истанбулда отишма ва ҳалокатли ёнғин. Дунёдаги энг кекса эркак вафот этди

🔹 Меҳнат муҳожирларининг чиқиб кетиши билан Россиянинг биринчи минтақаси чиқиндига бота бошлади. Доғистон пойтахти Махачқалъада қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш ва чиқинди контейнерларини тозалаш тўхтаган. Мамлакатда бундай вазиятлар тобора ошмоқда.

🔹 Украина разведкаси Россия нефтни қайта ишлаш заводларига учувчисиз учоқлар зарбалари ортидан яна бир мақсадни кўзлаган: Керч кўприги. Бу ҳақда The Guardian ёзмоқда. Украина ҳарбий разведкаси юқори мартабали мулозимлари кўприкнинг вайрон бўлиши “муқаррар” эканини даъво қилиб, уни портлатиш бўйича аввалги икки уринишдан сўнг учинчи марта ҳужум қилишни режалаштираётганини айтмоқда.

🔹 Жаҳон банки ва БМТ ҳисоботига кўра, Ғазо аҳолисининг ярмидан кўпи очарчилик ёқасида, 1 миллиондан ортиғи бошпанасиз, 75 фоизи эса мамлакатдан мажбурий чиқиб кетган.

🔹 New York Times ва Washington Post газетасининг ёзишича, Қўшма Штатлар 6 мартдаёқ Россияни ушбу концерт зали теракт нишони бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Кремль ва АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили бу маълумотни газетага изоҳлашдан бош тортган.

🔹 Бугун Тайванда рўй берган зилзила кучи 1945 йилда Хиросимага ташланган 32 та ядровий бомбанинг кучига тенг, дея баҳолайди Марказий метеорология бошқармаси сейсмология маркази. Ҳалок бўлганлар сони 9 киши етди, 700 дан ортиқ жароҳатланган.

🔹 Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Ватан ҳимоячилари куни (7 май) ва Ғалаба кунига (9 май) бағишланган ҳарбий парад ўтказмайди. Бунинг сабаби бюджетни тежаш, шунингдек, "бошқа муаммоларни ҳал қилиш зарурати", дейилмоқда.

🔹 Дунёдаги энг кекса одам вафот этди. Венесуэлалик Хуан Висенте Перес Мора 114 ёшда эди. У оиласида 10 нафар фарзанднинг тўққизинчиси бўлиб, ўзининг 11 фарзанди бўлган. У бутун умри давомида деҳқончилик билан шуғулланган.

🔹 Туркиянинг Истанбулидаги Бешикташ районида реконструкция қилинаётган кўп қаватли тунги клуб биносида содир бўлган ёнғин оқибатида 25 киши ҳалок бўлди, яна уч кишининг аҳволи оғир. Шунингдек, Истанбулда жиноятчилар маҳаллий Кючюкчекмедже меҳмонхонасида ўт очган ва қочиб кетган, ўқ автобусга ҳам теккан. Қурбонлар йўқ.

🔹 Қўшма Штатлардаги ноқонуний муҳожирлар билан боғлиқ вазият "қонли"га айланмоқда, бунга ҳозирги давлат раҳбари Жо Байден айбдор, дейди Доналд Трамп. Сиёсатчига кўра, Байденнинг келишуви туфайли АҚШнинг барча штат ва шаҳарлари чегара ҳудудларига айланган, чунки ноқонуний муҳожирлар билан боғлиқ вазият бутун мамлакатга таъсир қилган.

🔹 Туркия расмийлари мамлакатда инфляция ошганини тан олди: Давлат статистика институти маълумотларига кўра, март ойида истеъмол нархлари 3,16 фоизга ошган, йиллик инфляция эса 68,5 фоизга етган.

Г.Холдорова тайёрлади.