Хориж хабарлари: Австралияда ҳалокатли вирус жойланган юзлаб найчалар ғойиб бўлган
🔹 Суриянинг янги конституцияси лойиҳасини олти ой ичида якунлаш режалаштирилмоқда. Hürriyet ёзишича, ҳужжат матни дастлабки олти ой ичида ишлаб чиқилади. Шундан сўнг Конституция умумхалқ референдумига қўйилади.
🔹 Франция президенти Эммануэль Макрон 12 декабрь куни Варшавага ташриф буюриб, Украинада халқаро тинчликпарвар миссиясини яратиш ташаббусини муҳокама қилмоқчи.
🔹 Яна бир давлат - Қатар 13 йил ўтиб, Сурияда элчихонасини очиш ниятида. Қатарнинг Дамашқдаги элчихонаси 2011 йилда Башар Асад халқ норозиликларини куч билан бостиргани учун ёпилган. Туркия ҳам Сурияда элчихона очади.
🔹 Мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилганидан кейин ҳибсга олинган Жанубий Кореянинг собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хён ўз жонига қасд қилишга уринган. 65 ёшли собиқ вазир Сеул шарқидаги Донгбу қамоқхонасида ички кийимидан боғланган арқон билан ўзини осмоқчи бўлган. Қамоқхона ходимлари бунинг олдини олган.
🔹 Сешанба куни Грузия парламенти яқинида кетма-кет 13-марта норозилик намойиши бўлиб, у тинч ўтди. Ярим тунда намойишчилар тарқалган.
🔹 АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Россия нефтига нисбатан санкцияларни кучайтириш масаласини кўриб чиқмоқда. Янги чеклов чоралари Доналд Трамп президентликка келишидан олдин қабул қилиниши режалаштирилган.
🔹 АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп Жо Байденни Украинага ёрдам беришда солиқ тўловчилар маблағидан шахсий мақсадларда фойдаланганликда айламоқда.
🔹 Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Суриянинг собиқ президенти Башар Асад Москвада яшаётганини расман маълум қилди.
🔹 Австралияда олимлар 323 флакон ҳалокатли вирусни йўқотишди. Шиша идишларнинг 100 тасида отлардан одамларга юқадиган ўлим даражаси 57 фоизли Ҳендра вируси бўлган.
🔹 Конго Демократик Республикасида номаълум касаллик авж олди. Бундан аллақачон 140 дан ортиқ одам вафот этган. Касалликнинг белгилари: бурун оқиши, йўтал, бош оғриғи ва иситма. Шифокорларнинг фикрига кўра, патоген ўлим даражаси ковиддан ҳам юқори пандемияга олиб келиши мумкин.
🔹 Сурия муваққат ҳукумати бош вазири Муҳаммад ал-Башир Асад режими ағдарилганидан сўнг сурияликлар учун “барқарорлик ва осойишталикдан баҳраманд бўлиш” вақти келганини айтди.
🔹 Ингур ГЭСи сув сатҳининг кескин пастлиги туфайли ишни тўхтатгандан сўнг бутун тан олинмаган Абхазия электрсиз қолган.
🔹 Башар Асад ҳукумати ағдарилишидан сал аввал, Украина суриялик исёнчиларга ҳарбий ёрдам кўрсатган, деб ёзади Washington Post. Бу тўрт-беш ҳафта олдин содир бўлган. Киев Суриядаги мухолиф гуруҳга ёрдам бериш учун Идлибдаги исёнчилар штаб-квартирасига кўплаб дрон ва дрон операторларини юборган ва Асаднинг ағдарилишига ўз ҳиссасини қўшган.
🔹 Россияда рус тилини билмайдиган муҳожир болаларни мактабларга қабул қилишни тақиқловчи қонун қабул қилинди.