Хорижда таълим олишни истайсизми? Тафсилотларни билиб олинг!

Авваламбор, ҳар бир мамлакатнинг таълим тизимига ўзига хослигини. Масалан, Буюк Британияда вужудга келиб инглиз тилида сўзлашувчи мамлакатларда кенг қўлланиладиган таълимнинг англо-саксон модели ўз ичига уч босқичли олий таълимни олади: бакалавр (ўртача 3-4 йил), магистр (1 йил), фанлар доктори (3-4 йил). Бироқ шундай бакалавр даражалари ҳам борки, уларни қўлга киритиш учун амалиётни ҳам ўташ керак. Масалан, дизайнерлар, авваламбор, тайёрлов курсини ўташади, шундан сўнг асосий уч йиллик таълим олишади. Медицина, стоматология ва архитектура соҳасида бакалавр дипломини қўлга киритиш учун 7 йилгача ўқиш керак. Магистратура ва МВА яна 1-2 йил талаб қилади.

Хориждан келиб ўқийдиганларга кўплаб талаблар қўйилади. Бунда тил бўйича ва академик тестларни (TOEFL, IELTS, SAT, GRE, GMAT ва б.) топшириш, ҳужжатлар танловидан ўтиш, баъзида суҳбатда қатнашиш лозим бўлади. 

НАРХ-НАВО

Буюк Британия ОЎЮда таълим олиш нархлари дунёдаги энг юқориларидан бўлиб, йилига 10 мингдан 15 минг фунт стерлинггача фарқланади. Университетларнинг энг нуфузлилари мамлакат марказида, арзонроқлари шимолий қисмида ва Шотландияда жойлашган. 

Шунингдек, таълим нархи мутахассисликка ҳам боғлиқ. Энг қиммати – медицина, биотехнология ва стоматология.

АҚШда ҳам таълим нархлари мутахассислигига қараб фарқланади. Бакалавриат дастурида таълим олиш учун йилига 20-35 минг АҚШ доллари тўланиши керак. Гарвард, Ель, Принстон ва Стенфорд университетлари эса жуда қиммат – 30-60 минг АҚШ доллари талаб қилинади. Кўплаб университетларда хорижий талабалар учун чегирмалар кўзда тутилган. Бундан ташқари, кампусларнинг ўзида ҳам ишлаш имконияти мавжуд. 

Германияда эса таълим нархи таълим тилига боғлиқ. Немис тилида бўлса, талабалар фақат рўйхатга олиш бадали 500-2000 еврони тўлашлари керак. Францияда ҳам шундай. Француз тилида таълим олувчилардан 500-3000 АҚШ доллари талаб қилинади. 

Италияда инглиз тилида таълим олиш учун 10 минг-20 минг АҚШ доллари керак. Итальянчада ўқиш бепул. Бу мамлакатда энг қиммат йўналишлар: мода ва дизайн.

Хорижда ўқиш учун талабалар турли грант таълими дастурларига ариза беришлари мумкин. Грант ўқиш харажатларини қисман ёки тўлиқ қоплайди. Бундай дастурларни интернет орқали ёки мамлакатимиздаги турли таълим ташкилотларидан, шунингдек, бизнинг газетамизни кузатиб, хорижда таълим олиш имкониятлари ҳақида кўпроқ билиб олишингиз мумкин.

ЭНГ НУФУЗЛИ ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИ

Дунёдаги кўплаб рейтинг агентликлари жаҳоннинг энг яхши университетлари рўйхатини тузиб боради. Уларнинг тадқиқот натижалари бир-биридан фарқ қилади. Баъзида тафовут бир мунча катта. Шу сабабли қуйида келтирилаётган рейтинг учта – QC, Shanhai ва U.S.News рўйхатларига асослаб тузилган.  Унга кўра, жаҳоннинг 10 та энг яхши олий ўқув юртларининг саккизтаси АҚШда, қолганлари Буюк Британияда жойлашган.

 

Гарвард Университети

АҚШнинг энг қадимий олий ўқув юрти. Ушбу таълим масканида 40 нафар Нобель мукофоти соҳиблари ҳамда Теодор Рузвельт ва Барак Обама каби сиёсатчилар, Билл Гейтс ва Марк Цукерберг каби бизнесменлар таълим олишган.

Массачусетс технологиялар институти

Мазкур олий ўқув юрти аниқ фанлар ва технологиялар соҳасида етакчи университет ҳисобланади. Бу даргоҳда аниқ фанлар ва муҳандислик иши борасида илғор тадқиқотлар ўтказилади. МТИ 80 нафар Нобель лауретларини ҳамда жаҳон ривожига ҳисса қўшган кўплаб олимлар, муҳандисларни етиштирган.
Кембриж университети

Афсонавий илм маскани Европадаги энг қадимий университетдир. Унга 1209 йилда асос солинган бўлиб, фаолиятининг бошиданоқ энг нуфузли олий ўқув юртлари сирасига кирди. Жаҳондаги ҳеч бир университет битирувчилари орасидан бу қадар кўп Нобель лауреати чиқмаган. Бу даргоҳда таълим олганларнинг 88 нафари ушбу мукофот соҳиби бўлишган.

Оксфорд университети

Европанинг илк олий ўқув юртларидан бири бўлиб, Британия таълим тизимининг фахри ҳисобланади. Дунёдаги минглаб талабаларнинг орзуси. Битирувчилари орасида машҳур Льюис Керролл, Жон Толкин, Маргарет Тетчер ва Тони Блэрлар бор. Ушбу илм даргоҳида ўқитиш анъаналарига қаттиқ риоя қилиниб таълим бериш юқори даражада сақлаб келинмоқда.  

Лондон коллежи университети

Лондонда ташкил этилган илк таълим даргоҳи. Унга асос солингандан буён таълим маскани илмий-тадқиқот ишларида етакчилардан бўлиб келмоқда. Ушбу олий ўқув юртини Хитой ва Япония бош вазирлари ҳамда Александер Белл (телефон кашфиётчиси), Жон Флеминг (электрон лампалар ихтирочиси) ва Френсис Крик (ДНК молекуласи тадқиқотчиси) тамомлаган. 

Стэнфорд университети

Бу илм даргоҳига асос солинаётганда асосий эътибор нафақат илмли кишиларни, балки меҳнат бозорида талабгор мутахассисларни етиштиришга қаратиб келинган. Бугунги кунда ҳамон шундай. Шу сабабли ОЎЮ битирувчилари орасида дунё тарихида кескин бурилишлар ясаган кўплаб новатор ва кашфиётчилар бор.

Калифорния технология институти

Мазкур даргоҳ янги технологияларни ривожлантиришга ихтисослашган. Университет NASA (АҚШнинг Миллий аэронавтика ва космос маъмурияти) илмий-тадқиқот марказларидан бири – Реактив ҳаракатланиш лабораториясини бошқаради ҳамда ўзининг халқаро обсерваториялар тармоғида изланишлар олиб боради. Университет битирувчиларининг орасида 33 Нобель мукофоти совриндорлари бор.

Принстон университети

АҚШнинг энг нуфузли ва қадимий ОЎЮдан бири. Бу ерда АҚШ Президенти Вудро Вилсон, актриса Брук Шилдс ҳамда Мишел Обама таълим олишган. Бугунги кунда мазкур университетга дунёнинг турли бурчакларидан келиб ўқишади ва таълим беришади.
 

Ель университети

Талабалари кўпмиллатлилиги бўйича Ель университетига тенг келадигани йўқ. Нуфузли таълим маскани таълим бериш сифати билан азалдан машҳур. Ҳатто ХIХ асрнинг бошларидан буён Ель университети турли мамлакатлардан истеъдодли абитуриентларни жалб қила бошлаган. Шу сабабли битирувчиларининг орасида кўплаб давлатлар раҳбарлари, жамоат арбоблари, олимлар ва тадбиркорлар бор.

Колумбия университети

Нью-Йорк штатининг энг қадимий университети турли йўналишларда юқори муваффақиятларга эришган истеъдодли битирувчиларни етиштирган. Уларнинг орасида 43 нафар Нобель лауреати, 123 Пулицер мукофоти совриндорлари, 3 нафар АҚШ президенти ҳамда оламга машҳур ёзувчилар ва жамоат арбоблари бор.

Чикаго университети

Мазкур илмий-тадқиқот университетида 87 нафар Нобель мукофоти лауреатлари (АҚШда бу борада энг юқори кўрсаткич) таълим олишган. Уларнинг 17 нафари ушбу олий ўқув юртининг ўзида илмий тадқиқотларини олиб боришган. 

Лондон империал коллежи

Медицина, муҳандислик ва аниқ фанлар соҳасидаги тадқиқотлар борасида дунёнинг етакчи олий ўқув юртларидан бири.  1907 йилда ташкил этилган ОЎЮ тез орада жаҳоннинг энг нуфузли илм масканлари сирасига кирди.
 

Сайтимизда биз хорижда таълим олиш имкониятлари, йўл-йўриқлар, танлов ва грантлар ҳақида маълумотлар беришни давом эттирамиз. Бизни кузатишда давом этинг.