“Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг вилоят босқичи якунланди

Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек номли математика ва физика фанларига ихтисослаштирилган мактаб-интернатида Президент соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Унда ҳар бир туман (шаҳар)дан биринчи босқичда ғолиб деб топилган мактаб жамоалари қатнашди. Мактаб жамоалари 5 нафардан 7-9-синф ўқувчилардан таркиб топган бўлиб, танловда жами 80 нафар ўқувчи иштирок этди.

Ўқувчилар тўртта кўникма – ўқиш, тинглаб тушуниш, ёзиш, лексик-грамматик билимлар асосида, жами 100 баллик тизимдаги топшириқларни бажарди.

Танлов топшириқлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги томонидан тузилди. Ҳакамлар ҳайъати Самарқанд давлат чет тиллар институти, академик лицей ҳамда ихтисослашган мактабларнинг тажрибали инглиз тили ўқитувчиларидан танлаб олинди.

Танлов якунларига кўра, 1-ўрин Самарқанд туманидаги 10-ИДУМ, 2-ўрин Самарқанд шаҳридаги 45-умумий ўрта таълим мактаби, 3-ўрин эса Иштихон туманидаги 1-ИДУМ жамоасига насиб этди.

Танловда биринчи ўринни эгаллаган мактаб жамоаси 250 млн. сўм,  иккинчи ўрин 200 млн. сўм, учинчи ўринни қўлга киритган мактаб жамоаси эса 150 млн. сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, ғолибларга ваучер, диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Эслатиб ўтамиз: ушбу танловда биринчи ўринни қўлга киритган мактаб жамоаси республика босқичида қатнашади.

Хуршида Эрназарова.