Хосият БОБОМУРОДОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира:

- Яқинда никоҳ оқшомида қайнона-келинлар билан бир стол атрофида ўтириб қолдик. Икки аёл ҳам бир ҳафта олдин ўғлини уйлантиргани, яқин оғайниси – тўй эгаси келин чорлов қилаётганини фахрланиб гапиришди.

- Опа, бекор қипсиз, келиннинг чилла деган мавсуми бор, инс-жинс, ёмон кўзларга кўринмай тургани маъқул, - дедим секингина.

Икки аёл ҳам фикримга қўшилмади, ўзларининг ҳақ эканлигини «исботлаб» кетишди. Мен ортиқ гапирмадим, келинликдаги, фарзанд кўрганимдаги чиллаларимни эсладим. Ё тавба, наҳотки менталитетимиз шу қадарлик ўзгариб кетган бўлса?

Келинлар эса… қайноналари билан ўртага чиқиб қанча суқ кўзлар қаршисида рақс тушдилар, тўй эгасининг совға-саломларини олдилар.

Чилла – тиббий жиҳатдан исботланган, ўталиши шарт бўлган жараён. Кекса аёллар, маҳалладаги отинойилар бу ҳақда айрим қайноналарга насиҳат қилсалар бўлмасмикин?