Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хотин-қизлар ҳокимиятга қайтди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг хотин-қизлар масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида ҳоким ўринбосари мақомига тенглаштирилди.

Айни кунларда Самарқандда ҳам вилоят, туман, шаҳар ҳокимликларида ҳокимнинг хотин-қизлар маслалари бўйича маслаҳатчилари ўз вазифасида меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти илгари ҳокимлик биносида хотин-қизлар қўмитаси раиси фаолият олиб борган хонада иш юритмоқда. Транспорт воситалари билан таъминланган. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлим бошлиқлари ўринбосари, шунингдек, ҳоким маслаҳатчиси сифатида иш бошладилар. Хўш, ушбу фаолият нимани ўзгартирди,  ҳокимнинг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси қўшимча ваколатларга эга бўлдими ёки вазифаларга?

- Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ўринбосари сифатида ҳам асосий вазифамиз хотин-қизлар масалалари билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишдан иборат, - дейди вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Сайёра Жумаева. -  Аммо баъзи муаммоларни ҳал этишда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари сифатида етарлича ваколатга эга бўлмасдик. Энди вилоятдаги хотин-қизлар билан боғлиқ мавжуд вазият, муаммо ва амалга оширилаётган ишларни тўғридан-тўғри вилоят жамоатчилигига етказиш, улар билан бу масалаларни ҳал этиш имкони пайдо бўлди.

Айни кунларда вилоятдаги барча шаҳар ва туманларда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида аёллар ҳамда ёшлар масалаларини ўрганиш бўйича хатлов ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу жараённинг аҳамиятли томони шундаки, ҳудуддаги аёллар ва ёшлар масалалари бўйича вазиятни умумлаштириб, иш услубимизни кейинги йилларда қай тарзда олиб боришимиз кераклиги бўйича бизга ўзига хос дастур вазифасини ўтайди. Ушбу ҳолатни назорат қилиш, келгусидаги ишларни вилоят миқёсида режалаштиришда ҳоким маслаҳатчиси сифатида фаолият олиб бориш муҳим аҳамиятга эга.

Гулруҳ МЎМИНОВА.