Хотин-қизларни олий таълимга қамраб олиш — келажак тараққиётининг асоси

Юрт тараққиёти, халқ фаровонлиги ва ижтимоий барқарорликни таъминлашда таълим муҳим омил ҳисобланади.
Айниқса, хотин-қизларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарга эга бўлиши, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидандир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилаётган “Янги Ўзбекистон – янги тараққиёт босқичида” ғояси айнан ҳар бир фуқаронинг, хусусан, хотин-қизларнинг баркамол ва фаол бўлишини тақозо этади.
Шу боисдан ҳам мамлакатимизда хотин-қизларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири — уларни сифатли таълим билан тўлиқ қамраб олиш, айниқса, олий таълим тизимига кенг жалб этишдан иборатдир. Сўнгги йилларда бу борада катта ишлар қилинмоқда. Хусусан, олий таълим муассасаларида аёллар учун ажратилган квоталар сони ортмоқда, грантлар, таълим кредитлари, соддалаштирилган қабул тизимлари ва бошқа ижтимоий имтиёзлар жорий этилмоқда.
Мазкур йўналишда амалий ишларга кенг эътибор қаратаётган ташкилотлардан бири, бу — Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳисобланади. Хусусан, ушбу институтнинг инглиз тили факультети инглиз тили тарихи ва грамматикаси кафедраси ўқитувчилари жорий йилнинг май ойида Тойлоқ туманидаги 44, 45 ва 47-умумтаълим мактабларида бўлиб, қизларни олий таълим билан қамраб олиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борди.
Кафедра ўқитувчилари мактабнинг битирувчи синф ўқувчи қизлари ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатлар ташкил этди. Мазкур суҳбатларда ҳозирги кунда ёш хотин-қизларнинг олий таълимдаги ўрни, таълим олиш имкониятлари, танловдаги эркинлик ва таълимдаги ижтимоий ҳимоя механизмлари ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.
Айниқса, ота-оналар билан ўтказилган мулоқотлар ниҳоятда муҳим бўлди. Ота-оналар фарзандларининг, айниқса, қиз фарзандларнинг олий маълумотли бўлиши жамиятдаги ўз ўрнини топиш, ўз ҳаётини англаш ва мустақил қарорлар қабул қилишда муҳим ўрин тутишини тушуниб етмоқда. Шу боисдан ҳам бугун ота-оналар орасида фарзандларини университетда ўқишини истовчилар сони ортиб бормоқда.
Шунингдек, кафедра ўқитувчилари қиз ўқувчиларга олий таълим муассасаларига кириш бўйича тавсиялар, имтиҳонларга тайёргарлик, йўналиш танлашда эътиборли бўлиш керак бўлган жиҳатлар ҳақида батафсил тушунтиришлар берди.
Хотин-қизларни олий таълим билан тўлиқ қамраб олиш бўйича амалга оширилаётган бу каби ташаббуслар — бу шунчаки тарғибот эмас, балки жамият тараққиётига қўйилаётган мустаҳкам пойдевордир. Бу йўлдаги ҳар бир қадам, ҳар бир тушунтириш, ҳар бир ишончли сўз келажакни ўзгартирувчи кучга эга.
Ф.Абдураҳимова,
Самарқанд давлат чет тиллар институти
инглиз тили тарихи ва грамматикаси
кафедраси ўқитувчиси.