Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хронометраждан кейин нақд пул тушуми 1,7 баробар ошди

Нақд пул тушумини камайтириб кўрсатиш, норасмий ёлланма ходимлардан фойдаланиш каби ҳолатлар хуфиёна иқтисодиётнинг илдиз отишига олиб келади. Лекин унутмаслик лозимки, асл ҳолатни яширишга бўлган ҳар қандай уринишлар барибир ошкор бўлади. Жумладан, давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга ошириладиган хронометраж тадбирлари бунда муҳим ўрин тутади.

Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан жорий йилнинг июль ойида жами 456 та хўжалик юритувчи тадбиркорлик субъектларида хронометраж ўтказилди. Бунинг натижасида тадбиркорлик субъектларида 263 нафар ишчи ходимлар норасмий равишда фаолият юритаётгани аниқланди.

Хронометраж тадбирлари ўтказилган кундаги ҳақиқий тушум 2 458,2 миллион сўмни ташкил этди. Хронометраж ўтказилган кундан бир ҳафта олдинги тушум эса 1 433,1 миллион сўм бўлган. Демак, ўртадаги тафовут эса 1 025,1 миллион сўмни ташкил қилди. Ушбу йўналишдаги чора-тадбирлар самараси ўлароқ нақд пул тушуми кўрсаткичи 1,7 баробар ошди.

Нақд пул тушуми 157 та ҳолатда 2 баробаргача, 74 та ҳолатда 2-5 баробаргача, 13 та ҳолатда 5-10 баробаргача ошган. Бундан ташқари, 202 та ҳолатда тушум 10 баробардан юқори миқдорда ошганини таъкидлаш жоиз.

Умид АЛИМОВ,

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати ходими.