Яккабоғ тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари ва уни ёқиб юборган тадбиркор устидан очиқ суд жараёни бошланди

Бугун, 17 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судида судланувчилар Яккабоғ тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаган Мансур Туймаев ва тадбиркор Баҳриддин Исомовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани суди раиси Лутфулла Мамаражабов раислигида кўриб чиқилмоқда.

Баҳриддин Исомов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 25,98-моддаси (кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда.

Мансур Туймаев эса Жиноят кодексининг 192−1-моддаси (хусусий мулк ҳуқуқини бузиш) 3-қисми «а» банди ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Суд давомида 15 нафардан ортиқ жабрланувчи ва 60 нафардан зиёд гувоҳ сўроқ қилинади. Суд жараёни давом этмоқда.

Кейинги суд мажлиси 25 сентябрь куни ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, 20 июль куни тадбиркор Баҳриддин Исомов унга тегишли бўлган икки қаватли дўкон ва цех биносини бузмоқчи бўлган ҳоким ўринбосари устига бензин сепиб, ёқиб юборган эди.