Янги китоб: “Йиллар, йўллар ва манзиллар”

Бакриддин Зарипов — Самарқанд фарзанди. 1948 йилда Қўшработнинг оддий қишлоғида таваллуд топган.

Олис қишлоқ мактабида таълим олган ёш йигитнинг қалбидаги илмга чанқоқлик уни Тошкент педагогика институтининг биология факультетига етаклади. Орадан 56 йил ўтди ва бу йўл уни юксак илм манзилларига олиб чиқди.

Бугун Бакриддин Зарипов нафақат Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Физиология илмий-тадқиқот маркази директори, балки жаҳон илмий жамоатчилиги ҳам тан олган нуфузли олим. У Жаҳон физиологлари жамияти аъзоси, Рим, Нью-Йорк ва Жанубий Россия университетлари билан илмий ҳамкорлик қилади, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги сифатида эътироф этилган. Ҳатто АҚШнинг нуфузли Ҳарвард университетида талабаларга сабоқ бериши унинг илмий салоҳияти қай даражада эканини яққол намоён этади.

Олимнинг “Йиллар, йўллар ва манзиллар” номли янги рисоласи унинг бой ҳаётий ва илмий тажрибасининг мантиқий давомидек ўқилади. Ушбу асарда муаллифнинг сўнгги йилларда вақтли матбуотда эълон қилинган сара мақолалари жамланган.

Б. Зарипов ўз рисоласида муқаддас динимиз тамойилларига таяниб, инсон камолоти мезонлари ҳақида теран ва таъсирчан фикр юритади. Шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган фан ва таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини таҳлил қилади. Айниқса, илмга интилиш, мустақил изланишнинг аҳамияти, тарбия ва таълим уйғунлиги, ҳалоллик каби инсоний фазилатлар ҳақида шахсий тажрибалари асосида самимий мулоҳазалар билдиради.

Китобда Ўзбекистон олимларининг халқаро миқёсдаги ютуқлари чуқур таҳлиллар орқали ёритилган. Муаллиф бу каби улкан ютуқлар замирида Ватанга муҳаббат, аждодлар меросига садоқат ва юксак масъулият туйғуси ётишини ёрқин мисоллар билан кўрсатиб беради.

Жонкуяр олим, академик Бакриддин Зариповнинг ҳаётий тажрибага суянган фикрлари ва хулосалари ҳар бир ўқувчини ўйга толдириши, уни илҳомлантириши шубҳасиз. Бу рисола сизда бефарқлик эмас, балки янги изланишлар ва юксак мақсадлар сари интилиш уйғотади.