Янги йилдан аҳоли пунктларининг бош режаси жамоат муҳокамаси натижаларини ҳисобга олган ҳолда тасдиқланади

«Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент фармонига кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб қурилиш устидан жамоат назоратини таъминлаш мақсадида аҳоли пунктларининг бош режалари жамоат муҳокамаси натижаларини ҳисобга олган ҳолда тасдиқланади.

Бунда аҳоли пунктлари бош режаларининг жамоат муҳокамаси қуйидаги тартибда:

I босқич – фуқароларни жамоат муҳокамасини ўтказиш муддатлари, жойи ва тартиби билан таништириш;

II босқич – аҳоли пункти бош режасининг лойиҳаси бўйича жамоат муҳокамаларини (яшовчилар, ердан фойдаланувчилар ва кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг муҳокамалари, ижтимоий сўровлари, фикрларини тўплаш ва бошқа усуллар) ўтказиш;

III босқич – жамоат муҳокамасининг қайд этилган натижалари асосида жамоат фикрини таҳлил қилиш;

IV босқич – жамоат муҳокамаси натижалари ҳақида оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, интернет тармоғи орқали аҳолини хабардор қилиш орқали амалга оширилади.