Янги ёндашув, янги имкониятлар: Самарқанд учун тараққиёт стратегияси белгилаб берилди

Энди мамлакатимизда ҳар бир туманнинг иқтисодий салоҳияти, табиий ресурслари ва ички имкониятлари чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг ихтисослашуви асосида тараққиётнинг самарали модели шакллантирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Самарқанд вилоятини комплекс ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда белгиланган вазифалар ана шу стратегик ёндашувнинг ёрқин ифодаси бўлди.



Самарқанд вилояти нафақат бой тарихий мероси, балки иқтисодий имкониятлари билан ҳам мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, айрим олис ва чекка туманларда иқтисодий фаоллик, саноатлашув даражаси ва аҳоли даромадлари кутилган натижаларга тўлиқ эришмагани ҳам ҳақиқат. Энди эса бу масалаларни кечиктирмасдан ҳал этиш, ҳар бир ҳудуднинг яширин имкониятларини ишга солиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, бу вазифалар шунчаки рақамлар ёки режалар йиғиндиси эмас. Уларнинг замирида минглаб инсонларнинг тақдири, юзлаб маҳаллаларнинг келажаги ва бутун вилоятнинг барқарор тараққиёти мужассам. Шу маънода, қабул қилинаётган қарорлар Самарқанднинг эртанги куни учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

Йиғилишда Булунғур, Қўшработ, Пахтачи ва Каттақўрғон туманларини қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва боғдорчилик соҳаларига ихтисослаштириш, Нарпай тумани ҳамда Каттақўрғон шаҳрини саноат ва хизмат кўрсатиш тармоқларининг муҳим ўсиш нуқталарига айлантириш бўйича белгиланган вазифалар вилоят иқтисодиётида янги драйверларни шакллантиришга хизмат қилади.

Айниқса, Нарпай туманида 100 гектар майдонда ташкил этиладиган саноат зонаси ва унда 500 миллион долларлик юқори қўшилган қийматга эга лойиҳаларни амалга ошириш режаси алоҳида аҳамиятга эга. Бу ташаббус нафақат инвестициялар оқимини кўпайтириш, балки замонавий технологияларни жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ва малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни ошириш орқали ҳудуд иқтисодиётини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.

Бугун аҳолини энг кўп ташвишлантираётган масалалардан бири — ишсизлик ва камбағалликдир. Йиғилишда айнан шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилгани давлат сиёсати марказида инсон манфаатлари турганининг яна бир амалий тасдиғи бўлди. Ишсизлик даражасини 3 фоизгача, камбағаллик кўрсаткичини эса 2 фоизгача қисқартириш бўйича қўйилган вазифалар аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган муҳим қадам сифатида аҳамият касб этади.

Вилоятимиз учун яна бир стратегик йўналиш туризм соҳасидир. Дунё цивилизацияси марказларидан бири сифатида тан олинган Самарқанднинг туристик салоҳияти ҳали тўлиқ ишга солинмагани ҳам сир эмас. Шу боис тарихий марказдаги кўчаларни пиёдалар ҳудудига айлантириш, замонавий сервис объектларини барпо этиш, туристик ва рекреацион зоналарни кенгайтириш бўйича қабул қилинаётган қарорлар нафақат соҳанинг, балки бутун вилоят иқтисодиётининг ривожига кучли туртки беради.

Йиғилишда инфратузилмани ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, замонавий йўллар, барқарор электр таъминоти, тоза ичимлик суви ва муҳандислик-коммуникация тармоқларисиз ҳеч қандай иқтисодий ўсиш ҳақида сўз юритиб бўлмайди. Ана шу мақсадлар учун 1,2 триллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилаётгани ислоҳотларнинг мустаҳкам иқтисодий асосга эга эканидан далолат беради.

Албатта, бугун олдимизда турган вазифалар улкан. Бироқ мавжуд имкониятлар улардан ҳам кенг. Энг муҳими, давлат раҳбари томонидан ҳар бир туман тақдирига манзилли ёндашув асосида эътибор қаратилаётгани, муаммоларнинг аниқ ечимлари белгиланаётгани ва тараққиётнинг устувор йўналишлари кўрсатиб берилаётганидир.

Биз, сиёсий куч вакиллари сифатида, мазкур қарорлар Самарқанд вилоятининг иқтисодий қудратини янада мустаҳкамлаш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш ва ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тафовутларни қисқартиришга хизмат қилишига қатъий ишонамиз. Шу мақсадда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг самарали ижросига муносиб ҳисса қўшиш бизнинг муҳим вазифамиздир.

Бугун бошланган кенг кўламли ишлар эртанги Самарқанднинг янги қиёфасини, янги иқтисодий салоҳиятини ва янги тараққиёт тарихини яратади.

Ҳиммат Оқбўтаев,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси.