Янгича миллий сайлов халқ хоҳиш-иродасини ифодалайди
2021 йил 8 февралда қабул қилинган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун фуқароларимиз сайлов ҳуқуқларининг кафолатини янада мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди.
Конституциямизнинг 117-моддасига мувофиқ, Президент сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилар эди. Қонундаги янги ўзгартиришга кўра, мамлакатимизда сайловларни ўтказиш муддати октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасига кўчирилмоқда. Бунинг бир қатор сабаблари бор.
Биринчидан, Марказий сайлов комиссияси томонидан 2020 йил февраль ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида ҳамда Тошкент шаҳрида сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга масъул бўлган давлат ва нодавлат ташкилотлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари, сайлов комиссиялари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган давра суҳбатларида ушбу масалада билдирилган энг кўп таклиф сайловлар муддатини айнан октябрь ойига ўтказиш ҳақида бўлди. Бу таклиф ОАВ, хусусан, ижтимоий тармоқлар ва ижтимоий сўровлар орқали фуқароларимиз томонидан қўллаб-қувватланди.
Иккинчидан, қонун лойиҳаси парламент палаталари томонидан кўриб чиқилиши жараёнида 20 га яқин хорижий давлатларнинг қонунчилиги ва бу борадаги тажрибаси ўрганилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, асосан иқлими иссиқ бўлган жанубий яримшар давлатлари, масалан, Гана, Миср, Нигерия, ЖАР, Жазоир, Венесуэла, Доминикан, Сан-Маринода сайловлар декабрь ойида ўтказилар экан, АҚШ, Швейцария, Испания, Уругвай, Чили, Босния, Россия, Беларусь, Иордания, Молдова каби давлатларда эса сайловлар сентябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтади.
Учинчидан, Парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловидан кейин мамлакатимизда Олий Мажлис Сенатига сайловлар ўтказилади. Ижро ҳокимияти, яъни Вазирлар Маҳкамаси янгидан шакллантирилади, ҳудудларда ҳокимлар номзоди халқ депутатлари Кенгашларининг сессияларида муҳокама қилиниб, янгидан тасдиқланади. Мамлакат Президентининг Олий Мажлисга ҳамда Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси тақдим этилади. Халқимиз янги йил байрамлари оғушида бўлади. Демак, сайловлардан кейин олий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ўз вақтида шакллантириш, тўлақонли шаклда ишларни режалаштириш ва муҳим сиёсий-ҳуқуқий қарорларни қабул қилиши учун тегишли замин яратилади. Шунингдек, ноқулай об-ҳаво шароитларида фуқароларнинг сайловлардаги иштироки камайиб кетиши каби салбий ҳолатларнинг олди олинади, сайловчилар ва кузатувчилар учун қулай шароит вужудга келади.
Тўртинчидан, сайлов жараёни машаққатли меҳнат ва ташкилий ишларни амалга оширишни талаб этади.
Сайловларнинг мўътадил бўлган куз ойларида ўтказилиши эса барча фуқаролар, сайлов ташкилотчилари ва иштирокчилари ҳамда маҳаллий, хорижий кузатувчилар учун қулайлик туғдиради. Шу боис сайловларни ўтказиш муддатининг октябрь ойига кўчирилиши халқимиз томонидан ижобий баҳоланиб, қўллаб-қувватланаётганлигини кузатиш мумкин.
Сайлов кодексига киритилаётган ўзгаришга мувофиқ, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилиб, уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланмоқда. Ўтган сайловларда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи ҳар бир округ сайлов комиссияси кўпи билан 3 та (айрим ҳолларда битта) сайлов участкаси доирасида фаолият юритиб, бир неча йиллардан буён самарасиз ишлаб келган. Оқибатда, тегишли туман (шаҳар) ва округ сайлов комиссиялари бир-бирининг вазифаларини такрорлашига тўғри келган. Шунингдек, бу сайлов тузилмаси учун Давлат бюджетидан қўшимча харажатлар қилинган. Ушбу институтнинг тугатилиши натижасида 54 мингдан зиёд аъзодан иборат 5 минг 750 га яқин округ сайлов комиссиясини ташкил этишга ҳожат қолмайди.
Уларни жойлаштириш учун ажратилган шунча бинога эҳтиёж туғилмайди, инсон ресурслари тежалади, сайлов кампаниясини ташкил этишга жалб этилган инсонлар орасида оворагарчиликка чек қўйилади ҳамда 33 миллиард сўмдан ортиқ давлат бюджети маблағлари тежалади.
Яна бир муҳим ўзгариш – бу хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини, дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида туриш-турмаслигидан қатъи назар, ўша жойларда ташкил этилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, шунингдек, сайлов участкасидан ташқарида, чет давлатларда гавжум ҳолда яшаётган ёки ишлаётган фуқароларимиз турган жойларида овоз беришларини кўчма сайлов қутилари орқали сайёр ўтказишнинг ҳуқуқий асоси яратилмоқда. Мазкур амалиёт Марказий сайлов комиссиясининг қарорига асосан 2019 йилда ўтказилган Парламент сайловларида илк бор тажрибадан ўтказилди. Хусусан, Россия, Жанубий Корея ва Қозоғистонда бўлиб турган 90 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари сайлов участкаси жойлашган бинодан ташқарида, яъни сайловчи-фуқароларимиз гавжум яшайдиган ёки ишлайдиган жойларда кўчма қутилари билан сайёр тарзда ташкил этилган муддатидан олдин овоз бериш жараёнида иштирок этишди. Бу тажриба халқаро ҳамжа-миятнинг эътирофига сабаб бўлганлиги муносабати билан, ушбу тартиб Сайлов кодексига киритилди.
Округ ва участка сайлов комиссияларининг ўзларига хос бўлмаган номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашиш, сайловчиларни учрашув ташкил этиладиган жой ва вақт ҳақида огоҳлантиришга оид вазифаси бекор қилинди. Чунки Сайлов кодексига мувофиқ, номзод кўрсатиш ваколатига фақат сиёсий партиялар эга. Сайловчилар билан учрашувлар, ташвиқот тадбирларини ўтказиш орқали ўз дастурларини таништириш ҳамда номзодлар учун кўпроқ сайловчиларнинг овозларига эришишдан сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари манфаатдор. Бу жараёнга сайлов комиссияларининг алоқаси йўқ. Лекин шундай бўлса-да, амалда сайлов комиссиялари зиммасига ўзларига хос бўлмаган вазифа юклатилиб келинган. Эндиликда сайлов қонунчилигидаги ушбу камчилик ҳам бартараф этилди.
Қонундаги янгиликлардан яна бири, сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиши ва молиявий таъминланиши юзасидан шаффофликни таъминлашга қаратилган бўлиб, унга кўра сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари юзасидан сайлов кунига қадар оралиқ ҳисоботини ва сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин якуний ҳисоботини Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан сиёсий партияларнинг молиявий фаолиятини текшириш натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши белгиланди.
Сайлов кодекси янги 27-прим модда билан тўлдирилди. Унга кўра, чет давлатларда бўлиб турган фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиясига ёзма шаклда ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда ўзларини сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловга ўн беш кун қолгунга қадар мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланди. Илгари бундай амалиёт бўлмаган. Чет давлатларда бўлиб турган фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарида консуллик ҳисобида турган бўлсагина, сайлов участкасига шахсан келиб, у жойда тузилган сайлов участкалари сайловчилари рўйхатига киритилган. 2019 йилда Марказий сайлов комиссиясининг қарорига асосан бу амалиёт ҳам тажриба тариқасида синовдан ўтди.
Сайлов қонунчилигини демократлаштиришга қаратилган ушбу янгиликлар миллий сайлов қонунчилигимизни умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига янада мувофиқлаштириш баробарида Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги ўрнини яхшилашга хизмат қилади.
Худоёр Маматов,
Марказий сайлов комиссияси котиби, юридик фанлар доктори, профессор.