Хонадони томига қуёш панели ўрнатганлар қанча фойда кўряпти?

Кейинги йилларда вилоятимизда “яшил энергия”дан фойдаланиш, аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарига қуёш панеллари ўрнатиш, мини ГЭСларни ишга тушириш борасида эътиборли ишлар олиб бориляпти.
Бироқ 2023-2024 йилларда вилоятда қўшимча электр энергиясини ишлаб чиқариш ва тежаш бўйича режалар бажарилмай қолди. 122,2 МВт ўрнига 87,2 МВт қайта тикланувчи энергия қувватлари ишлаб чиқарилган. 18 та ўрнига 1 та гидроэлектр станция қурилиб, фойдаланишга топширилди.
- Вилоятда “яшил энергия”дан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, мавжуд энергия ресурсларини тежаш, айниқса, қуёш панеллари ўрнатиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали бошлиғи Элдор Мамасолиев. - Жумладан, 2023-2024 йилларда 1014 та ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларига 17 МВт қуёш панеллари, 634,4 минг литр ҳажмдаги гелиоколлекторлар ўрнатилди. Шунингдек, 1036 та тадбиркорлик субъектида 46,6 МВт, 7614 аҳоли хонадонларида умумий қуввати 23,1 МВт бўлган қувватли қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар жойлаштирилди. Жорий йилда эса 7614 та аҳоли хонадонида 23,12 МВт қувватли қуёш панеллари, 110,8 литр гелиоколлектор ўрнатиш режалаштирилган.
Қуёш панеллари ўрнатилган юқоридаги объектлар божхона “Яшил энергия” платформаси рўйхатидан ўтказилган.
- Ўтган икки йилда режадаги 16 ўрнига фойдаланишга топширилган 55 та кўп қаватли уйда 0,540 МВт қувватдаги қайта тикланувчи энергия манбалари ўрнатилди, - дейди вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи Умар Мирзаев. – Самарқанд шаҳрида 11 та, Булунғур туманида эса 18 та кўп қаватли уйга қуёш панеллари ўрнатилган бўлса, Жомбойда 5 та, Нарпай ва Нурободда 4 тадан ҳамда Оқдарё туманида 3 та уй-жой қайта тикланувчи энергия қурилмалари билан таъминланган.
Булунғур тумани Олмазор маҳалласи ҳудудида бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида 56 та кўп қаватли уйларга қад ростламоқда. Ҳозиргача фойдаланишга топширилган 36 та уйнинг ҳар бирига 12,5 КВтлик жами 450 КВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилди. Жумладан, "Agromir buildings" МЧЖ томонидан 3 йилда 500 хонадонли 20 та қаватли турар-жой биноси қурилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 12 та уй фойдаланишга топширилган.
- Аҳоли кириб яшаётган уйларнинг ҳар бирига 25 тадан қуёш панели ўрнатилган, - дейди корхона техник назоратчиси Дилмурод Тўйлиев. – Уйларимиз 5 қаватли бўлгани учун уларда лифт кўзда тутилмаган. Бироқ қурулмалар фaқат уйда яшовчиларнинг эҳтиёжига етарли қилиб жойлаштирилган. Ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳозирча ташқи ва ички ёритиш тизимлари, ертўла ва ҳовлида ўрнатилган тунги ёритиш чироқлари учун хизмат қилмоқда.
"Agromir buildings" МЧЖ қатор йиллардан буён Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивида ҳам юзлаб кўп қаватли уй-жойлар қуриб келмоқда. Ўтган йили фойдаланишга топширилган 12 та уй-жойларга лифт, сув насоси ҳамда ички ва ташқи ёритиш тизимларини ишлатиш қувватига эга бўлган қайта тикланувчи қурилмалар ўрнатилган. Жорий йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган 35 та кўп қаватли уйнинг барчасига 752 КВт қувватга эга 39 та панель ўрнатилади.
Булунғур туманида сўнгги 5 йилда 22,8 миллион долларлик яқин лойиҳалар асосида 60 дан зиёд саноат корхонаси иш бошлади. Натижада электр истеъмоли 1,4 баробарга ошиб, 150,8 миллион КВтни ташкил этди. Бу йил эса яна 18 та саноат лойиҳаси ишга тушади. Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳалар учун 19,7 миллион КВт электр талаб этилади.
Буни қоплаш учун 26 та давлат объекти ва 135 та аҳоли хонадонига қайта тикланувчи манбалар ўрнатилиб 2 миллион КВт электр иқтисод қилиниши кўзда тутилган, - дейди туман иқтисодиёт ва молия бўлими бош мутахассиси Одилжон Ёқубов. – Энергия самарадорлигини ошириш ва йўқотишларни камайтириш ҳисобига 5-6 миллион КВт иқтисод қилинади. Электр тақчиллигининг олдини олиш мақсадида жорий йилда аҳоли хонадонларига 2000 кВт, ижтимоий соҳа ва давлат объектларига 350 кВт, тадбиркорлар томонидан 1610 кВт қувватли қуёш панеллари ўрнатиш режалаштирилган.
Ҳозирги кунгача туманда 60 та давлат идораси ва ижтимоий соҳа объектида 430 кВт қувватли, 434 та аҳоли хонадонида 1485,8 кВт қувватли ҳамда 44 та тадбиркорлик субъектида 2942,3 кВт, 13 та кўп қаватли уйнинг том қисмида 64,3 кВт қувватли қуёш панеллар ўрнатилди.
Ғозибой Эшмуродов тумандаги Каттақишлоқ маҳалласида истиқомат қилади. Ўз хонадонига 5 КВт қувватли 10 дона қуёш панели ўрнатганига икки йилча бўлиб қолди. Ушбу қурилмалари ёрдамида 21600 КВт электр энергияси ишлаб чиқариб, давлатга 5400 КВт электр энергияси сотди.
- Уйимизда кондиционер, музлаткич, ўндан зиёд чироқ ҳамда сув насоси ишлаб турибди, - дейди Сайёра Эшмуродова. – Кеча-кундуз беминнат хизмат қиляпти. Электр учун умуман тўлов қилмаймиз. Бизни кўриб, қўшниларимиз уйларига қуёш панели ўрнатишга қарор қилишган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 апрелдан умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан 3 йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса – 10 йил муддатга ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғини, қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини, юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан озод этилади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ олган суратлар.