«Яшил макон»: Баҳорда 10 миллион 208 минг туп кўчат экилади
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили баҳор ва куз мавсумида кўчат экиш одатга айланди.
- Вилоятимизда бу йил баҳор мавсумида 10 миллион 208 минг туп кўчат экиш режалаштирилган. 18 март кунига қадар 1 миллион 314 минг туп (13 фоиз) дарахт ва бута кўчатлари экилиб, электрон платформага киритилди, - дейди вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шерали Искандаров. - Жорий йил якунига қадар вилоятнинг 7 туман-шаҳарида 28,4 гектар майдонда «Яшил боғ» барпо этилади. Бунинг учун ер майдонлари танланиб, маҳаллий Кенгашларнинг қарорлари қабул қилинган.
Бундан ташқари, 16 та шаҳар-туман ҳокимликлари томонидан 34 та «Ҳокимлик боғи» ташкил қилиниши белгиланган. Бунинг учун вилоятнинг барча туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан баҳор мавсумида 10,56 гектар ер майдони танлаб олинди.
Ҳозиргача Паст Дарғом туман ҳокимлиги 0,5 гектар майдонда 450 туп кўчат ва Нарпай туман ҳокимлиги томонидан 0,5 гектар ер майдонида 350 туп кўчат экилиб, «Ҳокимлик боғлари» ташкил қилинди.
Самарқанд туманидан 6 гектар, Тойлоқ туманидан 0,25 гектар, Каттақўрғон шаҳридан 0,5 гектар ҳамда Самарқанд шаҳридан 1 гектар ер майдони танлаб олиниб, «Яшил белбоғ» яратиш мақсадида маҳаллий кенгашларнинг қарорлари қабул қилинди.
Вилоятда жорий йил якунига қадар 64,15 гектар майдонда «Яшил жамоат парклари» барпо этилади. Бу бўйича вилоят ҳокимининг қарори ва барча шаҳар, туман сессия қарорлари қабул қилиниб, вазирликка тақдим этилган.
58 та саноат корхонаси томонидан 75 минг туп дарахт кўчати экилиб, «Яшил белбоғ»лар яратилади. Бугунги кунда атроф-муҳитга таъсири бўйича саноат корхоналари томонидан 15 минг 420 туп дарахт ва бута кўчатлари экилди.