Яхши китобнинг муаллифи ҳам рағбатлантирилса

Мамлакатимизда Президент Ш.Мирзиёев ташаббуси билан китобхонлик тарғиботи ниҳоятда авж олди. Бундан барчамизнинг хабаримиз бор. Китобни ўқиганлар мукофот олаяпти. Аммо шу китобни ёзаётганлар четда қолмоқда.

Самарқанд азал-азалдан маърифат тарқатувчи замин ҳисобланган. Бу борада янги анъаналарга ҳам қўл урсак, дейман. Мисол учун, энг фаол, бадиий китоби алоҳида нашр этилган ва эътироф қилинган (бунга мақола, кичик асар ёки ОАВда босилганлари кирмайди) ёзувчига, шоирга, таржимонга ҳар йили бир марта ҳокимлик мукофоти таъсис қилинса.

Танлов ҳайъати, умуман, бу хил китобларнинг савия ва салмоғини аниқлаш мезони ишлаб чиқилса. Бу ишга филолог олимлар, талабалар, жамоатчилик жалб этилса.
Ўйлайманки, бу тадбир Самарқанд нуфузига ярашади. Агар таклифим қабул қилинса, 17 декабрда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таржима ва таржимашунослик бўйича ўтказилиши режалаштирилган ижтимоий-амалий анжуманда унинг тақдимотини ўтказишга тайёрман.

Муҳаммаджон ХОЛБЕКОВ,
филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.