Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болага эътиборсиз муносабатда бўлган 243 нафар масъул шахслар жавобгарликка тортилди
Самарқандда 3150 нафар вояга етмаганлар васийлик ва ҳомийлик белгиланган оилаларга патронат (тарбиялаш)га жойлаштирилган.
Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болаларга васий-ҳомий бириктириш ёки бошқача тарзда жойлаштириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қонунбузилишга йўл қўйган 243 масъул интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган.
Вилоятда ижтимоий етимликнинг олдини олиш, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, васийлик ва ҳомийлик белгиланган, оилаларга патронат (тарбиялаш)га жойлаштирилган 3150 нафар вояга етмаганларнинг соғлиғи, таъминоти, таълим олиши, ота-онасига тегишли мол-мулклар тақдири ҳамда улар яшаётган оилаларнинг ижтимоий ҳолати ўрганиб чиқилди.
Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, бироқ тегишли тартибда васий-ҳомий бириктирилмаган ёки бошқача тарзда жойлаштирилмаган болалар ҳар бир маҳалла ва таълим муассасалари кесимида ўрганилди. Мазкур тоифадаги 1352 нафар бола аниқланиб, уларнинг 526 нафарига васий ва ҳомийлар бириктирилиб, 6 нафари патронат оилаларга топширилди, 11 нафари Меҳрибонлик уйи ва SOS болалар маҳалласи вилоят бўлимига жойлаштирилди.
Ўрганишлар давомида ушбу тоифадаги 1561 нафар бола чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, турли касаллик аниқланган 55 нафар бола вилоят ва туман шифохоналарида бепул даволанди.
Вилоятда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари бўлмаган болалар рўйхати шакллантирилиб, уларнинг 170 нафарига туғилганлик гувоҳномалари расмийлаштирилган.
Шунингдек, 262 нафар боланинг ота-онасига тегишли мол-мулкларга тақиқ қўйилиб, 45 нафар болага боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган. 9 нафар боланинг манфаатларини кўзлаб, судларга ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида даъво ариза киритилган.
129 нафар болага қишги кийим-бош, 62 нафар болага тиббий жиҳоз ва дори-дармон, 436 нафарига бадиий адабиётлар, ўқув жиҳозлари ва қуроллари олиб берилди.
Бундан ташқари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бола тарбиялаётган 150 оилага моддий кўмак, 95 оилага эса оилага суюлтирилган газ баллонлари берилган.
Ўрганиш давомида етим ва ота-она қарамоғидан бўлган болаларга васий-ҳомий бириктириш ёки бошқача тарзда жойлаштириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этишга қаратилган 156 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган. Қонунбузилишига йўл қўйган 243 нафар масъул шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилиб, қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилган.
Улуғбек Муҳаммадиев,
вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси, адлия маслаҳатчиси.