Йил бошидан буён алимент тўловидан мунтазам бўйин товлаган 343 киши маъмурий, 57 киши эса жиноий жавобгарликка тортилган

Бюронинг Самарқанд вилоят бошқармаси органлари иш юритувида жорий йилнинг ўтган даврида 38.548 алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича амалга оширилган. Натижада алимент тўловчи қарздорлардан жами 55 млрд. сўм ундирилиб, шундан 35,9 млрд. сўм маблағлар автоматлаштирилган электрон назорат тизими орқали ундирувчилар номига очилган банк пластик карталарига ўтказиб берилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Алимент тўловлари жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори билан ташкил этилган “Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликка тортилган қарздорларнинг 102 нафар ундирувчиларига 905 млн. сўм зарар пуллари тўлаб берилди.

Бундан ташқари, қарздорлар ўртасида олиб борилган профилактик суҳбатлар ва тушунтириш ишлари давомида қарздорлар томонидан олдиндан тўлов сифатида (бола 18 ёшга тўлгунга қадар бўлган давр учун) умумий ҳисобда 2,1 млрд. сўмлик мол-мулклар ва пул маблағлари, шу жумладан 1,7 млрд. сўм нақд пуллар, 1 та 334 млн. сўмлик автотранспорт воситаси фарзандларининг таъминоти учун топширилиши таъминланган.

Алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича қарздор ва ундирувчилар ўртасида олиб борилган профилактик суҳбатлар ва чора-тадбилар маҳсулида 3 596 та ёш оилалар яраштирилган.

Шу каби, алимент ундириш билан боғлиқ ижро ишлари бўйича бандлик ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда кўрилган чора-тадбирлар натижасида 937 нафарга яқин алимент тўловчи қарздорлар ишга жойлаштирилиб, уларнинг бандлиги таъминланган ва алимент ундирувлари уларнинг иш ҳақларини маълум миқдорига қаратилган.

Шу билан бирга, ўтган даврда қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида, алимент тўловларини тўлашдан мунтазам равишда қасддан бўйин товлаб келган жами 343 нафар қарздорлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддаси билан маъмурий жавобгарликка ва 57 нафари эса Жиноят кодексининг 122-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилди.

Рифат БЎРИЕВ,
Бюронинг Самарқанд вилоят бошқармаси инспектори.