Йил дастурида нималар белгиланмоқда?

Дастур лойиҳаси 237 банддан иборат бўлиб, Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида келтирилган асосий ғоя ва таклифлари ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий вазифалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган.
Дастур лойиҳасининг биринчи йўналиши ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ҚУРИЛИШИ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИга оид ислоҳотларни ўз ичига олади.
Жумладан, унда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш соҳасида қонунчилик ва норма ижодкорлигида янгича ёндашувни назарда тутадиган Қонунчилик ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқиш белгиланмоқда. 
Дастур лойиҳасининг 2-бандида сайлов тўғрисидаги 6 та қонун ва бир қатор қонун ҳужжатларини яхлит бир ҳужжат шаклига келтириш ҳамда сайлов жараёнига нисбатан ягона шаффоф ва самарали ёндашув белгилаш мақсадида Сайлов кодексини ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.


5-бандда сайлов жараёнида "Электрон ҳукумат" тизимини фаол татбиқ этган ҳолда сайловчиларнинг турар (яшаш) манзиллари ягона базасини яратиш, бу борада кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, сайловчиларнинг Ягона электрон рўйхати эксплуатация қилиш бўйича махсус ваколатли органни белгилаш назарда тутилмоқда.
Конституциямизнинг 40-моддасига мувофиқ ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиши мумкинлиги белгиланган. Фуқароларнинг ушбу конституциявий ҳуқуқини давлат томонидан қўшимча кафолатлаш мақсадида Дастур лойиҳасининг 3-бандида соғлиқни сақлаш муассасалари устидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг назоратини кучайтириш назарда тутилмоқда.
Барча сиёсий кучларга бир имконият бериш, сиёсий майдонда соғлом рақобатни кучайтириш ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракатини алоҳида сиёсий куч сифатида мустаҳкамлаш мақсадида дастур лойиҳасининг 7-бандида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидан Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари учун белгиланган квотани бекор қилиш белгиланмоқда.
Дастур лойиҳасининг 10-бандида давлат хизмати тизимини ташкил этиш, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, моддий ва ижтимоий таъминоти, давлат хизматига ишга ўтиш, хизматни ўташ ва хизматдан бўшаш тартибини ўзида белгиловчи "Давлат хизмати тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланмоқда.


26-бандда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси фаолиятини такомиллаштириб, унда аҳолига онлайн маслаҳат беришни назарда тутувчи қўшимча имкониятни жорий этиш таклиф этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони билан фуқароларимизга 2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш учун рухсат ёзуви стикерини расмийлаштириш тартиби бекор қилиниб, ҳорижга чиқиш учун алоҳида биометрик паспорт жорий этиш белгиланган эди.
Бу борада аҳолига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида 2018 йил 1 июлдан бошлаб миллий биометрик паспортни хорижга чиқиш паспорти сифатида эътироф этиш ҳамда Ўзбекистон ҳудудида яшаш, ҳаракатланиш учун фуқаролик паспорти ўрнига шахсни тасдиқловчи ID – идентификация картасини жорий қилиш таклиф қилинмоқда.


Фуқароларимизнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ва меҳнат қилиш ҳуқуқлари уларнинг конституциявий ҳуқуқлари сирасига киради. Шу мақсадда дастур лойиҳасининг 28-бандида 2018 йил 1 апрелга қадар фуқароларимизнинг юқоридаги ҳуқуқларини кафолатловчи бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиши белгиланмоқда.
Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларида вақтинча ёки доимий пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ амалиётга барҳам бериш; меҳнат муносабатлари жараёнида паспорт тизими қоидаларига риоя этмаганлик учун иш берувчининг маъмурий жавобгарлигини бекор қилиш; вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаганлик, яшашга йўл қўйганлик учун маъмурий жазо чораларини енгиллаштириш назарда тутилиши кутилмоқда.


Дастур лойиҳасининг жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш соҳасида бир қатор муҳим ислоҳотлар белгиланган.
Жумладан, лойиҳанинг 32-бандида Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги ва бошқа мутасадди давлат органлари томонидан Олий Мажлис палаталари ва халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш механизмларини янада такомиллаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасида фуқаролар, ўқувчи ва талабаларнинг Олий Мажлис палаталари ва халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида монеликсиз иштирок этиш имкониятлари белгиланади.
Дастур лойиҳасининг 34-бандида жамоатчилик назорати фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.

Шероз ШОДИЕВ,
вилоят адлия бошқармаси юридик хизматларнинг
фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш шўъбаси мудири.