Йил якунигача Самарқандда 5 триллион 340 миллион сўмлик лойиҳалар ишга туширилади

Ҳудудий дастурлар доирасида 2020 йилнинг январь-август ойларида вилоятда қиймати 1 588,3 миллиард сўмлик 441 та лойиҳа амалга оширилди ва 3881 та янги иш ўрни яратилди.

Жумладан, саноатда 817,7 миллиард сўмлик 109 та, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 217,1 миллиард сўмлик 115 та ва қишлоқ хўжалигида 553,5 миллиард сўмлик 217 та лойиҳа ишга туширилди. Мазкур лойиҳалар натижасида йилига 69 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча бюджет тушумлари ва 10 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш имконияти яратилади.

Ҳудудий дастурлар доирасида Паст Дарғом туманидаги “Samarqand Kamalak Invest Tekstil” масъулияти чекланган жамиятида йилига 5,5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ташкил этилди. Қиймати 148 миллиард сўмлик мазкур лойиҳа доирасида 320 та иш ўрни яратилди.

Нуробод туманида "Mirankul Construction Materials LTD" масъулияти чекланган жамиятида қиймати 35,6 миллиард сўмлик қурилиш материаллари ва оваль шаклидаги усти ёпиқ омборхоналар ва стадионлар, ишлаб чиқариш цехлари лойиҳаси ишга тушиши билан 30 дан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Ургут туманида "Osiyo shoes" масъулияти чекланган жамиятида 12 миллиард сўмлик маблағ эвазига йиллик қуввати 1,5 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Самарқанд шаҳрида "Sam Fiorenta" масъулияти чекланган жамияти 11,9 миллиард сўм маблағ ҳисобидан газ плиталари ишлаб чиқаришни бошлади. 

Ушбу лойиҳалар натижасида 5 та янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Жумладан, газ плиталари, МДФ эшиклар ва мебеллар, пойабзал, полиэтилен сув қувурлари, черипица ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Йил якунигача 5 триллион 340 миллион сўмлик 1099 та лойиҳа амалга оширилиб, 11 минг 371 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ахборот хизмати.