Йилнинг сўнгги гранти ўз эгаларига топширилди
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг навбатдаги йиғилишида вилоятда фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти, ютуқ ва муаммолари хусусида сўз борди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Баҳодир Қодиров ННТ ва уларнинг давлат идоралари билан ҳамкорлиги, бугун ушбу ташкилотлар учун ажратилаётган грант танловларида иштироки борасида фикрларини билдирди.
Шунингдек, анжуманда Кенгаш ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан 2023 йилнинг 28 сентябридан 28 октябригача бўлган муддатда “Ёшларни маънавий етук қилиб тарбиялаш ҳамда бандлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш” мавзусида эълон қилинган тўртинчи давлат гранти танлови натижалари эълон қилинди.
- 2023 йил 11 ой давомида вилоятда Давлат дастурининг 15 та устувор йўналиши бўйича давлат грантининг тўртта танлови ўтказилди, - деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги жамоат фонди раҳбари Достон Маликов. - Унда вилоятдаги 58 та ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари 59 лойиҳа билан иштирок этди. Шундан 20 та ижтимоий аҳамиятли дастур ва лойиҳалар умумий қиймати 1 миллиард 120 миллион сўмни ташкил этган бўлиб, ушбу лойиҳалар жамоат комиссиясининг тегишли қарорлари билан қўллаб-қувватланди.
Кенгаш ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан тўртинчи танлов ғолибларига сертификатлар топширилди. Улар орасида вилоят кўзи ожизлар жамияти томонидан жамият аъзолари учун спорт ашёлари сотиб олиш, Нуробод туманида “Тадбиркор аёллар” уюшмаси томонидан хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, Оқдарё туманидаги Ойтамғали маҳалласида ёшлар бандлигини таъминлаш ва саломатлик марказини ташкил этиш кабиларни амалга ошириш мақсадида маблағлар ажратилиши кўзда тутилган.