Йўл-транспорт ҳодисалари сони камайган. Бироқ...
Вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Шавкат Бойхўрозов томонидан бу ҳақда аниқ рақамлар келтирилди.
Қайд этилишича, йўл-транспорт ҳодисалари жорий йилнинг 9 ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 98 тага ёки 11,9 фоизга камайган. Бунинг учун 2419 та етишмайдиган йўл белгилари, 393 та йўналтирувчи устунчалар, 2420 погонометр 1-тоифали муҳофазаловчи тўсиқлар ўрнатилган. Шунингдек, 57,9 километр пиёдалар йўлаги қурилган 69 та жойда (40 та мактаб олдида) сунъий нотекисликлар яратилиб, 23 та янги пиёдалар ўтиш жойи, 4 та янги ер ости пиёдалар ўтиш жойи, қурилган. Жами 34 та жойга светофор ўрнатилган.
Туманлар ва шаҳарлардаги аҳоли гавжум ҳудудларга, пиёдалар ўтиш жойларига пиёдалар бошқарадиган 12 та светофор ўрнатилиб, 4 та пиёдалар светофори таъмирланган. Аҳоли пунктларидаги 24 га яқин йўллар сунъий ёритилган.
Бироқ бу ҳаммаси кўнгилдагидек, дегани эмас. Олдинда қилинадиган ишлар кўп. Мисол учун, ақлли светофорлар, шунингдек, бундай мосламаларни қуёш панеллари асосида ишладиганларини ўрнатиш масалалари мавжуд.
Ҳодиса 7 тадан 1 таси шаҳарда
Самарқанд шаҳар ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида асосий кўчаларга Ички ишлар вазирлиги томонидан 67 та «Ҳиквисион» русумли ПТЗ «360» видеокузатув мосламалари ўрнатилган. Улар вилоят ИИБда ташкил этилган «Вазиятлар маркази»га интеграция қилиниб, масофадан бошқарилиб, назорат қилинади.
Бироқ ўтган 9 ой давомида қайд этилган 709 та йўл-транспорт ҳодисаларининг 119 таси Самарқанд шаҳар кўчаларида содир этилган бўлиб, уларнинг 11 таси ўлим билан якунланган. Биргина шу рақамнинг ўзиёқ Самарқанд шаҳар ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда янги иш тутишни тақозо қилмоқда.
Мисол учун, Самарқанд шаҳри ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўллари ва кўчаларида 3.24 «Юқори тезлик чекланган » (60 км /соат ) йўл белгиларини ўрнатиш зарурати юзага келмоқда. Бундан ташқари, тонгги ва кечки тиғиз пайтларда Мотрид қўрғони ва Даҳбед йўли оралиғида ҳаракатни ҳар икки қатнов қисмида бир томонлама қилиш зарур.
Оқибат эмас, сабаб муҳим ...
Таъкидланишича, 9 ойда 724 та йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилган. Оқибатда 648 киши турли даражадаги тан жароҳати олган. Ачинарлиси, ЙТҲ сабаб 35 бола бевақт ҳаётдан кўз юмган.
Таҳлилларга кўра, автоҳалокатларнинг 31 фоиз ёки 226 таси тўқнашув бўлган. Йўл транспорт ҳодисаларининг катта қисми 44,5 фоизи ёки 322 таси соат 16:00-24:00 оралиғида содир бўлган.
Йўл транспорт ҳодисаларининг 33,8 фоизи ёки 245 таси белгиланганмаган тезликка риоя қилмаслик оқибатида юз берган. Келиб чиқиш сабаблари орасида қарама қарши йўналишга чиқиш (13,9 фоиз) ва оралиқ масофани сақламаслик (11 фоиз) муҳим ўрин эгаллайди.
Халқаро автомобиль йўлларида 29 фоиз ёки 211 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Ҳар бир иштирокчи муҳим
Аслида ҳар биримиз йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда асосий жавобгар сифатида ЙҲХБ ходимлари деб биламиз. Шунингдек, бунда ҳайдовчиларнинг талаб ва қоидаларга амалга қилиш муҳим саналади. Бироқ пиёдаларнинг ҳам тегишли масъулияти ва жавобгарлиги борлигига кўпда эътибор қаратилмайди.
Балки шу сабаб ўтган 9 ойда пиёдаларнинг қоидабузарликлари сабаб 56 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган.
- Бу каби қоидабузарликларнинг олдини олиш учун доимий равишда корхоналар-ташкилотлар, таълим муассасалари, маҳаллалар ва аҳоли гавжум бўладиган жойларда профилактик суҳбатлар ўтказиб келинмоқда, - дейди Ш.Бойхўрозов. Шу билан бирга ЙПХ ходимлари томонидан «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 15-22-бандлари талабини бузган 16 623 нафар пиёдалар аниқланиб, уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 138-моддасига асоса маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Ёқубжон Марқаев.