Ёлғон ахборотдан ким манфаатдор? Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси муносабат билдирди

Жорий йилнинг 13 сентябрь куни @sizdantelegram тармоғида “Самарқанд вилояти руҳий касалликлар шифохонаси ходимларининг ойлик маошини ўз вақтида олмаётгани” ҳақида хабар эълон қилинганди.

Мазкур хабарда кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, шифохонада ўрганиш ишларини олиб борди. Аниқлашича, вилоят руҳий касалликлар шифохонасида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг августь ойи иш ҳақининг бир қисми аванс тарзида жорий йилнинг 15 августида 312-сонли тўлов қайдномасига асосан уларнинг банк пластик карточкаларига ўтказиб берилган. 602-сонли тўлов қайдномасига асосан ходимларга нақд пул кўринишида ҳам ойлик маоши тарқатилган.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур хабар ижтимоий тармоқда 13 сентябрнинг кеч соат 18:04 да тарқатилди. Вилоят руҳий касалликлар шифохонаси ходимлари эса ойлик маошининг қолган кисмини (яъни, 651 нафар ходимлар учун жами 713197008,67 сўм маблағни) жорий йилнинг 12 сентябрь куни (ходимларнинг банк пластик карточкаларига кўчириб бериш йўли билан) олишган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, мазкур хабар ўз исботини топмаганини маълум қиламиз.

Савол туғилади, сувни лойқалатиш мақсадида @sizdantelegramда тарқатилган ёлғон ахборотдан ким манфаатдор?

Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.