“Ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган “Долзарб 30 кун”лиги бошланди

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 5 июлдаги фармойишига мувофиқ, 10 июлдан 10 августга қадар республика ҳудудида “Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича “Долзарб 30 кун” тадбирлари ташкил этиш белгиланган.

Тадбир доирасида ёзги дам олиш ва соғломлаштириш мавсумида оромгоҳлар, санаторийлар ҳамда бошқа дам олиш ва соғломлаштириш масканларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган профилактика тадбирлари амалга оширилади.

Ўта муҳим, тоифаланган ва иқтисодиёт объектлари, ёниш-портлаш хавфи юқори ҳамда фавқулодда вазият юз бериш даражаси юқори бўлган бошқа объектлар, шунингдек, одамлар гавжум бўладиган жойларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши таъминланади.
2023/2024 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовлари ўтказиладиган объектларнинг ёнғинга қарши ҳолатини талаб даражасига келтирилади.
Ўрмон фонди объектларини ёнғиндан қўриқлаш ва уй-жой фонди объектларининг ёнғин хавфсизлиги таъминланади. “Долзарб 30 кун” тадбирларида ҳокимият органлари, ташкилотлар ва жамоатчилик кенг жалб этилиши белгиланган.
Шу асосда бугун вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан Жомбой туманидаги “Зарафшон’’ миллий табиат боғида шартли равишда содир бўлган ёнғинни бартараф этиш бўйича махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.
Ўқув машқида ФВБ, ИИБ, Миллий гвардия, миллий табиат боғи ишчи-ходимлари ва кўнгилли фуқаролар иштирок этиб, шартли ёнғинни бартараф этиш чоралари кўрилди.